Мадриддаги Фуэнкарраль-Эль-Пардо полиция участкаси фаолияти билан танишув

18 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда Жазони ижро этиш департаментининг 35 ва 24-сонли манзил колониялари бошлиқлари, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси вакилидан иборат мамлакатимиз делегацияси Мадрид шаҳрининг энг катта тумани бўлган Фуэнкарраль-Эль-Пардо полиция участкаси фаолияти билан танишди. Бу ерда делегация аъзоларини полиция участкаси бош комиссари Карлос Виля Эрреро ва бошқалар кутиб олди.

Карлос Виля Эрреро делегация аъзоларига Фуэнкарраль-Эль-Пардо полиция участкасининг ҳибсга олинганларни сақлаш хоналари, шароитлари билан таништирди. Ҳибсга олинганларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, гигиена талабларига риоя қилиш тартибини тушунтирди. Шунингдек, ҳибсга олинган шахсларни ҳуқуқ ва эркинликлари билан таништириш, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, хавфсизликни таъминлаш чоралари ҳақида маълумот берди.

Учрашув давомида Испания жамоат тартибини сақлаш тизими, ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, ҳибсга олиш тартиби ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик, ушбу соҳада полиция ходимлари томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик, қийноқларга қарши кураш ва фаолият асносида инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига бағишланган тақдимотни намойиш қилинди.

Карлос Виля Эрреро ҳуқуқбузарликда гумон қилинган шахсларни ҳибсга олиш жараёни Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган қўлланма асосида амалга оширилиши, полиция ходимларининг ҳар бир ҳаракати ва сўзлари қайд этиб борилиши, қўлга олинган ҳуқуқбузарни шахсини аниқлаш, куч ишлатиш ёки бошқа ҳаракатларнинг мутаносиб бўлиши лозимлиги масалаларига алоҳида тўхталди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлинмаси полиция ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан олиб борадиган фаолияти, шунингдек, полиция ходимлари фаолиятини назорат қилиш инспекцияси фаолияти делегация аъзоларида қизиқиш уйғотди.

Мамлакатимиз делегацияси аъзолари Испаниядаги шахсни қўлга олиш жараёни ва ушбу соҳадаги қонунчилик Ўзбекистон қонунчилиги ва тартибига жуда яқин эканлигини таъкидладилар. Мулоқот якунида бир қатор саволларга батафсил жавоблар олинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech