Мадридда Меморандум имзоланди
18 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Испаниядаги Тараққиёт ва одил судлов халқаро маркази (CDJI) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатни имзолаш маросими мамлакатимиз делегациясининг Испания Адлия вазирлигига ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг умумий мақсади Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, илмий тадқиқотлар ва институционал ривожланишни илгари суриш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда давлат ва академик тузилмаларнинг салоҳиятини оширишга йўналтирилганини қайд этдилар.
Ушбу Меморандум инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашаётган магистратура ва докторантура талабалари орасида тадқиқот ҳамда таҳлил кўникмаларини ривожлантириш, адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган. Ҳужжат, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқларининг долзарб масалалари юзасидан таҳлилий ва услубий материаллар тайёрлаш, жазони ижро этиш тизимини ривожлантиришда халқаро стандартларни тарғиб қилиш борасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида Тараққиёт ва одил судлов халқаро маркази президенти Азамат Шамбиловга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизматлари, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқларини эътироф этган ҳолда, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони топширилди.
Маълумот учун: Тараққиёт ва одил судлов халқаро маркази (CDJI) халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг фаолияти турли хорижий мамлакатларда, жумладан, Марказий Осиё давлатларида одил судловни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва инклюзив давлат бошқарувини ривожлантиришга қаратилган. Ташкилот қароргоҳи Испанияда жойлашган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский