ИНСОН ҚАДР-ҚИММАТИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТИ
26 июнь – Қийноқ қурбонларини
қўллаб-қувватлаш халқаро куни
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш замонавий халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларидан ҳисобланади. Инсон шаъни, қадр-қиммати ва эркинликларини ҳурмат қилиш демократик давлат ва адолатли жамиятнинг муҳим белгисидир.
Бироқ тарих ва бугунги воқелик шуни кўрсатмоқдаки, дунёда ҳали ҳам қийноқ, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ва жазо ҳолатлари учраб турибди. Шу боис халқаро ҳамжамият қийноқларнинг ҳар қандай шаклига барҳам беришни ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаган.
Шу мақсадда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1997 йили қабул қилинган резолюция асосида 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни деб эълон қилинди. Ушбу кун ҳар йили бутун дунёда қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш, уларни бутунлай йўқ қилиш ва ушбу жиноятдан жабр кўрган инсонларга тиббий, психологик ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида нишонланади.
Мазкур сана нафақат қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш, балки давлатлар ва жамият эътиборини инсон ҳуқуқларининг ушбу ўта муҳим масаласига қаратишга хизмат қилади. Аввало, бу сананинг танланиши бежиз эмас.
Айнан шу санада, 1987 йилда Қийноқларга ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларига қарши конвенция кучга кирган. Мазкур халқаро шартнома қийноқларга қарши кураш соҳасидаги энг муҳим универсал ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Бугунги кунда Конвенция дунёнинг 170 дан ортиқ давлати томонидан ратификация қилинган бўлиб, мамлакатимиз ҳам унинг тўлақонли иштирокчиси ҳисобланади.
Конвенциянинг 1-моддасига кўра, қийноқ деганда – маълумот олиш, иқрорликка мажбурлаш, жазолаш, қўрқитиш ёки камситиш мақсадида давлат мансабдори ёки унинг розилиги билан шахсга қасддан кучли жисмоний ёки руҳий азоб етказиш тушунилади.
Конвенцияда иштирокчи давлатларга қийноқни миллий қонунчиликда жиноят сифатида белгилаш, қийноқ ҳолатларини тезкор, холис ва самарали тергов қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш, қийноқ қурбонларига компенсация ва реабилитация бериш ҳамда қийноқ содир этилиши хавфи мавжуд бўлган давлатларга шахсларни экстрадиция қилмаслик ёки қайтармаслик чорасини кўриш каби бир қатор мажбуриятлар юкланган.
Қийноқ қурбонлари кўпинча оғир жисмоний ва психологик оқибатларга дуч келади. Бундай ҳолат инсоннинг нафақат соғлиғига, балки оилавий ҳаёти, меҳнат фаолияти ва жамиятдаги ижтимоий мавқеига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Бу борада БМТнинг Қийноқ қурбонлари учун 1981 йилда таъсис этилган ихтиёрий жамғармаси ҳар йили 50 мингдан ортиқ қурбон ва уларнинг оила аъзоларига бевосита ёрдам кўрсатиш имконини беради. Унинг маблағлари аъзо давлатлар, хусусий сектор ва алоҳида шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан шаклланади.
Қийноқ ҳар қандай жамиятда мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳодиса. Унинг олдини олиш давлатлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг умумий вазифасидир.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда қийноқларнинг олдини олиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий қонунчилик халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиб, қийноқ учун жавобгарлик кучайтирилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 26-моддасида “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёки жазога дучор этилиши мумкин эмас”, деган норма қатъий мустаҳкамлаб қўйилди.
Шунингдек, шахснинг айби фақат қонунга мувофиқ исботланган тақдирдагина тан олиниши, эътироф кўрсатмалари ягона далил сифатида қабул қилинмаслиги, шахсни суд қарорисиз узоқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги каби муҳим кафолатлар белгиланди. Қийноқ ҳолатларини тергов қилиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимида шаффофликни ошириш, адвокатлар ва жамоат назоратини кучайтиришга эътибор қаратилди.
Бу борада Президентимиз томонидан 2021 йил 26 июнда “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда 2023 йил 7 февралида “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлар қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қийноқ ва бошқа шафқатсиз муносабатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни тубдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилди.
Айни соҳада қабул қилинган қатор ҳужжатлар ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бир қатор давлат органлари билан ҳамкорликда тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бунда асосий эътибор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг касбий малакасини мунтазам ошириш, уларда қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳолатларининг олдини олишга қаратилган билим ва кўникмаларни шакллантириш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш маданиятини юксалтириш масалаларига қаратилмоқда.
Мухтасар айтганда, Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни доирасида мамлакатимизда ҳар йили 26 июнь куни давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар иштирокида давра суҳбатлари, конференциялар ва маърифий тадбирлар ўтказилади. Ушбу тадбирларда қийноққа қарши курашда жамоатчилик хабардорлигини ошириш, қурбонларга бепул ҳуқуқий ва руҳий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинади.
Бинобарин, Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни инсоният учун нафақат эслатиш, балки амалий ҳаракатга чорлов ҳамдир. Ҳар бир инсон қийноқсиз яшаш ҳуқуқига эга ва бу ҳуқуқни ҳимоя қилиш барчамизнинг биргаликдаги бурчимиз ҳамда масъулиятимиз ҳисобланади.
Дилдора Аҳмедова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази масъул ходими
Ўзбекча
English
Русский