Янги Ўзбекистонда журналистика – эъзозли касб, журналист – халқимиз ва Ватанимиз фидойиси

Журналистлик касбининг нони қаттиқ, аммо меҳнати ва унинг ортидан топадиган ризқи ҳалол, дейилиши бежиз эмас. Чунки “ноннинг қаттиқлиги” – бу касб соҳиблари доимо жамият хизматида эканини, демакки ҳар битта инсон ҳақ-ҳуқуқларидан то бутун халқимизнинг манфаатлари ҳимоясигача бўлган беқиёс кўламдаги улкан масъулият юки уларнинг зиммасида эканини англатади.

Ўз навбатида, “ҳалол ризқ” ибораси – журналистларнинг қонуний ва тоза йўллар билан, бировнинг ҳаққига тажовуз қилмасдан топилган моддий ва маънавий неъматларга қаноатланадиган тўғри ҳаёт тарзининг мухтасар  ифодасидир.

Нега деганда, тўғрилик ва ҳаққонийлик, адолатли меҳнат, яъни пешона тери, билим ва ҳалол хизмат эвазига топилган даромад, рўзғордаги қут-барака ва фаровонлик, жамиятдаги иззат-ҳурмат ва обрў-эътибор – ҳалол ризқнинг бош шартлари ҳисобланади. Буларнинг барчаси эса журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг кундалик ҳаёт тарзига уйғун ҳамда чамбарчас боғлиқ мезонларга киради.

Шу маънода, давлатимиз раҳбари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунни 2026 йил 22 июнда – айнан ушбу соҳа намояндаларининг касб байрами арафасида имзолаганида ўзига хос рамзий ишорат бор. Илло, журналистлар ризқни ҳаром қилувчи катта гуноҳлардан, биринчи навбатда, порахўрлик ва коррупциядан, содда қилиб айтганда, ноҳақ йўл билан маблағ ёки мавқега эга бўлиш иллати домига тушиб қолишдан ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам асраб-авайлашга маънавий бурчлидир.

Янги Қонун мамлакатимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиноий тажовузлардан ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат бошқаруви ва иқтисодий соҳада қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги стратегик аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади. Қонун билан 3 та Кодекс ва 5 та Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Биринчидан, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестри юритиладиган бўлди. Реестрга киритилган шахсларга қатор чекловлар белгиланиб, улар жумладан давлат хизматига кириши, сайланадиган лавозимларга номзодини кўрсатиши, давлат харидларида қатнашиши тақиқланди.

Иккинчидан, Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига таъриф берилиб, унга 18 турдаги жиноятлар кириши белгиланди.

Учинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга янги институт – комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг қонуний асослари яратилди. Уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун билан ўрнатилди.

Тўртинчидан, Қонун билан коррупцияга қарши курашишда энг қуйи маиший коррупциядан тортиб, юқори даражадаги мансабдор шахслар орасидаги жиноятчиликка қарши амалий механизмлар белгиланди.

Бешинчидан, комплаенс тузилмаларнинг мустақил ва таъсирчан ишлашини таъминлаш учун ушбу бўлинмалар ходимларининг хавфсизлик кафолатлари ўрнатилди.

Олтинчидан, комплаенс тузилмалари барча давлат органларида ташкил этилади. Шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини олиб борувчи тузилмаларнинг ўзида ҳам комплаенс-назорати тизими олиб борилади.

Еттинчидан, комплаенс тузилмаларининг бутун фаолияти Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати томонидан мувофиқлаштирилади. Бошқача айтганда, эндиликда коррупцияга қарши тарқоқ ҳолда курашиш эмас, ягона тизим асосида яхлит тузилма сифатида иш олиб борилади.

Саккизинчидан, 5 турдаги коррупциявий жиноятлар учун жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қоидалари қўлланилмаслиги белгиланди. Бу ўринда: ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш; фирибгарлик учун ҳукм қилинган ва етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаганлик;  такроран ёки хавфли рецидивист бўла туриб ёхуд жуда кўп миқдорда пора олиш; пора бериш; пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан юқоридаги енгилликлар қўлланилмаслиги ҳақида сўз бормоқда.

Тўққизинчидан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ҳар бир давлат органи ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупциявий хавф-хатарлар харитасини шакллантириш вазифаси юклатилди. Унда ҳар бир йўналиш бўйича жиноятчилик статистикаси, амалиёт таҳлили, аҳолининг муносабати, коррупцияга қарши курашиш сиёсати самарадорлиги каби маълумотлар акс эттирилади.

Ўнинчидан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, ҳудудий кенгашларнинг мақоми ва вазифалари, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига  8 та янги вазифа белгиланди. Шу тариқа мамлакатимизда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш каби устувор вазифалар қонуний асосда мустаҳкамланди.

Журналистларнинг ушбу Қонун талабларини ҳаётга кенг ва тўлиқ татбиқ этишдаги иштироки бевосита ва билвосита миқёсларда фаол намоён бўлиши фарзу қарздир. Негаки, журналистлар, оммавий ахборот воситалари ва улар мансуб бўлган фуқаролик жамияти коррупцияга қарши курашда назоратчи, фош этувчи ва жамоатчилик фикрини шакллантирувчи асосий куч ҳисобланади.

Айнан шу катта ижтимоий куч-қудрат давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга яқиндан кўмаклашади. Гап шундаки, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари журналист суриштируви ўтказиш ҳуқуқига эга. Шу йўл билан яширин коррупциявий схемалар, манфаатлар тўқнашуви ва бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши аниқланиб, оммага ошкор қилинади.

Бунда, айниқса, уларнинг ахборот тарқатиш фаолияти алоҳида ўрин тутади. Жамиятнинг коррупция ҳолатлари ҳақидаги тезкор ва холис ахборот билан таъминланиши, шубҳасиз, бундай ҳолатларга барҳам бериш ва жазо муқаррарлигини таъминлашга кўмаклашади.

Табиийки, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари томонидан ахборот маконида тегишли муҳит яратилиши ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Бундай муҳит коррупцияга нисбатан жамиятда "муросасизлик" ҳиссини ва салбий ижтимоий фикрни шакллантиради.

Қолаверса, оммавий ахборот воситалари жамият вакилларига эркин фикр билдириш учун платформа тақдим этади. Бошқача айтганда, ОАВ фуқароларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш ва қонунбузарликлар ҳақида хабар бериш учун минбар вазифасини ўтайди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир». Шу ўринда янги таҳрирдаги Конституциянинг 69-моддасида оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақомга эгалиги кафолатлаб қўйилганини таъкидлаш лозим.

Бинобарин, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамият фаоллари ва блогерлар қатори жамоатчилик назоратини амалга оширади. Яъни, улар давлат харидлари, бюджет сарфланиши ва қонун лойиҳалари устидан мустақил мониторинг юритади.

Шунингдек, журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий саводхонлик борасидаги фаолияти аҳолининг ҳуқуқий билимлари ошиши ва порахўрликка қарши туриш кўникмалари шаклланишига хизмат қилади. Бундан ташқари, улар коррупция хавфи юқори бўлган соҳаларни соддалаштириш ва рақамлаштириш бўйича ҳукуматга тавсиялар киритиш ҳамда коррупция ҳақида хабар берган шахслар ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшади.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 21-моддасига кўра, “Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт”.

Инсон, халқ, давлат манфаатларига путур етказмаслик, демакки манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик – ҳар кимнинг инсоний фазилатлари, хусусан, ҳалоллиги билан бевосита боғлиқ. Ҳалол киши хиёнат, ғирромлик каби иллатлардан холи бўлиб, у тўғри ва ҳалол, покиза ва виждонан яшайди, бировларнинг ҳақига заррача ҳам хиёнат қилмайди. Бундай инсонлар ҳалол билан ҳаромни фарқлайди, фақат ўз меҳнати эвазига тирикчилик қилади, ҳаром-харишдан жирканади, ҳаромхўрликни гуноҳи азим ва ахлоқсизлик деб билади.

Ҳалолликнинг зидди – коррупция иллатидир. Зеро, “коррупцияга қарши маданият” шаклланмаган жамиятда адолатсизлик ва жиноятлар одат тусига айланади. Шу сабабли ҳам ҳар бир демократик давлат ўз ривожланиш концепциясида ушбу иллатга қарши курашишга қаратилган чораларни кўзда тутади. Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари бу борада жамият ва давлат ўртасидаги ишончли кўприкдир.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech