Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида туб ижобий ўзгаришлар юз берди. Айниқса, сўнгги ўн йилда бу борада мисли кўрилмаган самараларга эришилди.
Бугунги кунда жамиятимиз ва давлатимиз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устундир. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз».
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллик тарихи давомида, яъни 1991–2026 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилган улкан ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини қуйидаги 35 та асосий натижа мисолида ҳам яққол кўриш мумкин:
Конституциявий ва институционал асослар
1. Инсон қадр-қиммати ва конституциявий қадриятлар: Бош қомусимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида мустаҳкамланди.
2. Миллий марказ: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилиб, соҳадаги илмий-ҳуқуқий база кучайтирилди.
3. Омбудсман институти: Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) лавозими жорий этилди.
4. Болалар омбудсмани: Вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти очилди.
5. Тадбиркорлар ҳимояси: Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Бизнес-омбудсман лавозими таъсис этилди.
6. Халқаро шартномалар: Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжат ва конвенцияларга қўшилди.
7. БМТ Кенгашига аъзолик: Ўзбекистон тарихда илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди.
8. Миллий стратегиялар: Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий стратегия ва ҳаракатлар режалари қабул қилинди.
9. Халқаро резолюциялар: Мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та махсус резолюцияси қабул қилинди.
10. Миллий нишон: Соҳага муносиб ҳисса қўшганларни рағбатлантириш учун “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.
Меҳнат ҳуқуқи ва ижтимоий ҳуқуқлар
11. Мажбурий меҳнатга барҳам берилиши: Пахта йиғим-теримида сурункали мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди.
12. Халқаро эътироф: Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик қилиниб, ўзбек пахтасига қўйилган глобал бойкотлар бекор қилинди.
13. Гендер тенглик: Хотин-қизлар ва эркаклар тенглигини таъминлашга оид қатор қонунлар қабул қилинди.
14. Зўравонликдан ҳимоя: Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш учун “ҳимоя ордери” амалиёти жорий этилди, болалар ҳимояси ҳар томонлама мукаммаллаштирилди.
15. Ногиронлар ҳуқуқлари: БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинди.
16. Фуқаролик бериш: 84 минг нафардан зиёд фуқаролиги бўлмаган шахсга (апатридларга) Ўзбекистон фуқаролиги берилди.
17. Ижтимоий агентлик: Оғир ҳаётий вазиятга тушганларга ёрдам бериш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилди.
18. Сиёсий квоталар: Парламент ва маҳаллий Кенгашларда хотин-қизлар учун аниқ сайлов квоталари белгиланди.
19. Бепул юридик ёрдам тизимининг кенгайтирилиши: Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.
20. Меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Хорижда вақтинча меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш бўйича тизим яратилди.
Шахсий ҳуқуқлар ва суд-ҳуқуқ эркинликлари
21. Ўлим жазосининг бекор қилиниши ва тақиқланиши: Мамлакатимизда ўлим жазоси батамом бекор қилинди ҳамда Асосий қонунда ўлим жазоси қатъий тақиқланди.
22. Қийноққа қарши чоралар ва “Хабес корпус” институтининг татбиқ этилиши: Қийноқлар учун жавобгарлик кучайтирилиб, ноқонуний усулда олинган далиллардан фойдаланиш тақиқланди. Пенитенциар тизимни гуманитарлаштириш доирасида “Жаслиқ” колонияси ёпилди. Шахсни ҳибсга олиш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилиб, суд санкцияси кучайтирилди.
23. Адвокатура мустақиллиги, оқлаш амалиёти ва маҳкумларнинг озод қилиниши: Адвокатларнинг касбий фаолияти ва ҳимоя воситалари кенгайтирилди. Асоссиз айбланган минглаб фуқаролар судлар томонидан оммавий равишда оқланди. Кўплаб ноҳақ маҳкумлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари озодликка чиқарилди.
24. “Прописка” ислоҳоти: Яшаш жойи бўйича ҳисобга олишга оид эски тизимдаги чекловчи «прописка» расман ва тўлиқ бекор қилинди. Унинг ўрнига халқаро тажрибага мос келувчи, ҳуқуқий жиҳатдан анча енгил бўлган яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш тизими жорий этилди.
25. Рақамлаштириш ва “Электрон ҳукумат” орқали коррупцион омилларни қисқартириш: Давлат хизматларини рақамлаштириш ва Ягона портал орқали аҳолининг давлат органлари билан бевосита мулоқотини енгиллаштириш натижасида фуқароларнинг бюрократиядан холи равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошириши таъминланди.
26. “Меҳр” операциялари ва фуқароларни қайтариш: Хориждаги можароли ҳудудларда оғир аҳволга тушиб қолган аёллар ва болаларни Ватанга қайтариш бўйича инсонпарварлик операциялари муваффақиятли амалга оширилди.
Сўз эркинлиги, сиёсий ва иқтисодий эркинликлар
27. Сўз эркинлиги: ОАВ, интернет ва блогерлар фаолияти учун шароитлар яратилиб, ахборот олиш эркинлиги ошди.
28. Диний эркинлик: Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятига оид қонунчилик либераллаштирилди.
29. Мурожаатлар очиқлиги: Давлат органларининг халқ билан мулоқот қилиши учун Халқ қабулхоналари тизими йўлга қўйилди.
30. Тадбиркорлик эркинлиги: Хусусий мулк дахлсизлиги ва тадбиркорларнинг иқтисодий ҳуқуқлари қонуний ҳимоя қилинди.
31. Ҳаракатланиш эркинлиги ва визасиз режим: Биометрик паспортлар жорий этилиб, хорижга чиқиш стикери бекор қилинди. Дунёнинг кўплаб давлатлари учун визасиз режим очилиб, чет эл билан алоқалар осонлашди.
32. Экологик ҳуқуқлар: Соғлом атроф-муҳитга эга бўлиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқлари конституциявий даражага кўтарилди.
33. Ёшлар сиёсати: Ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган миллий дастурлар ва қонунлар қабул қилинди.
34. Коррупцияга қарши кураш: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги очилиб, давлат бошқарувида шаффофлик кучайтирилди.
35. Халқаро ҳамкорлик: БМТнинг махсус маърузачилари ва инсон ҳуқуқлари миссияларининг мамлакатга ташрифлари ва очиқ мулоқоти тизимли тус олди.
Албатта, ушбу рўйхат тўлиқ эмас, таъбир жоиз бўлса, 35 рақами ҳам рамзий аҳамиятга эга.
Истиқлол йилларида, айниқса, сўнгги ўн йилда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида юртимизда бемисл ютуқлар қўлга киритилди. Зеро, Янги Ўзбекистонда инсон қадри – ҳар нарсадан улуғ ва инсон ҳуқуқлари дахлсиздир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
