2021 йил 14 декабрь куни Туркия Республикаси Омбудсмани Шереф Малкоч ташаббуси билан Туркий давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакилларининг онлайн учрашуви бўлиб ўтди. Унда Туркий давлатлар Омбудсманлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ассоциациясини тузишга доир масалалар муҳокама қилинди.
Онлайн мулоқотда Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон Омбудсманлари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Милллий маркази вакили туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланаётган ҳозирги шароитда ташкил этиладиган Ассоциация инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар учун қулай ҳамкорлик майдонига айланишини таъкидлади. Бўлажак тузилма, шунингдек, ушбу мамлакатларда бўлиб турган фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги масалаларни ҳал этишга кўмаклашади.
Маълумот учун: Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгашининг 2021 йил 12 ноябрда Истанбулда бўлиб ўтган саммитида Туркий Кенгаш “Туркий давлатлар ташкилоти” дея қайта номланди. Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгаши негизида ташкил топадиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити 2022 йили Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Ташкилот аъзолари сафида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва 2019 йилдан буён Ўзбекистон бор. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.
Шуни таъкидлаш жоизки, 2019 йил 18-19 ноябрь кунлари Истанбулда бўлиб ўтган Омбудсманларнинг 2-халқаро конференциясида ва 2020 йил 4 ноябрдаги онлайн учрашувда Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Омбудсманлари Туркий тилли давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ассоциациясини тузиш имкониятларини муҳокама қилган. Аммо, коронавирус пандемияси тарқалгани муносабати билан ушбу масалага якуний ечим топиш кейинга қолдирилганди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.12.2021
- Кўришлар: 3470
- Чоп этиш