2021 йил 16 декабрь куни Тошкентда шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ташкил топганининг 30 йиллигига бағишланди.
Онлайн ва офлайн тарзда ташкил этилган халқаро тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида туб янгиланиш ислоҳотлари амалга оширилмоқда. Президентимиз қайд этганидек, Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатьий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир.
Бу ислоҳотларни амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, прокуратура органлари олдида ҳам қатор вазифалар қўйилди.
Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 2019 йил 19-25 сентябрь кунлари Ҳукумат таклифи билан Ўзбекистонда бўлиб, ўзинг ҳисоботида прокуратура органларини ислоҳ қилиш масаласида ўз мулоҳазаларини билдирган эди. Шу таклифлар асосида ўтган даврда айни соҳада бир қатор амалий ишлар қилинди.
Биринчидан. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасига тизимли ёндашувни назарда тутадиган комплекс чора-тадбирлардан иборат стратегик ҳужжат – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқланди.
Миллий стратегияда 2020-2025 йиллар учун инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга ошириладиган ислоҳот мақсадлари, йўналишлари ва тадбирлари белгилаб берилди. Миллий стратегия доирасида суд, прокуратура, ички ишлар органлари, адвокатура тизими фаолиятини такомиллаштириш, уларни том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айлантириш бўйича тадбирлар кўзда тутилди.
Иккинчидан. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ишлари самарали амалга оширилмоқда. Болалар, аёллар, ногиронлар, мигрантлар, одам савдоси жабрдийлари, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётганлар ва бошқа ижтимоий заиф аҳоли қатламларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жами 78 банд бўйича тадбирлар белгиланган. Жумладан, 33 та қонун ҳужжати ҳамда 12 та кодекс қабул қилиниши назарда тутилган.
Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси иштирокида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрири лойиҳаси, “Прокуратура органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилди.
Учинчидан. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари кучайтириб борилмоқда. Жумладан, 2021 йилда Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслик тўғрисидаги талабларни бузиш ҳамда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш каби хатти-қаракатлар учун маъмурий ва жиноят жавобгарлик кучайтирилди.
2021 йилда АҚШ Давлат департаменти 2020 йил якунларига бағишланган навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда Ўзбекистон 2003 йилдан буён илк маротаба дунё бўйлаб одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича самарали саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган иккинчи тоифадаги (TIER 2) давлатлар даражасига кўтарилди. Ҳисоботда COVID-19 пандемияси таъсирига қарамасдан Ўзбекистон томонидан одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида олиб борилган ишлар ижобий баҳоланган.
Тўртинчидан. Бош прокуратура Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларига доир БМТ шартномавий қўмиталари тавсияларини бажариш бўйича миллий ҳаракат режалари ва Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бешинчидан. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан прокуратура органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш курслари амалга оширилмоқда. Жумладан, 2020 йил 18 ноябрдан – 2021 йил 29 январгача “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули асосида 40 та онлайн-машғулот ўтказилиб, унда 400 дан ортиқ раҳбар ходим ўқитилди.
2021 йил 8 ноябрь куни халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан прокуратура органлари ходимлари учун “Қийноқларга қарши кураш: халқаро ва миллий тажриба”, “Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари”, “Бангкок коидалари”, “Истанбул протоколи” мавзуларида амалий тренинглар бошланди. Бунда маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу тренинглар жорий йилнинг охиригача давом этади. Бутун республика бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан прокуратуранинг 1000 дан ортиқ ходими малакаси оширилмоқда.
Олтинчидан. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бош прокуратура Академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси, Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ” мутахассислиги бўйича магистр кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Бош прокуратура Академияси ҳамкорлигида “Мигрантлар ҳуқуқи” мавзусида ўқув-методик материаллар ва дарслик ишлаб чиқилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.12.2021
- Кўришлар: 3619
- Чоп этиш