2021 йил 16-17 декабрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил этилди.
Ушбу машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, БМТнинг Ааркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий бўлинмаси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Ўқув курсида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Малака ошириш институти, Бош прокуратура Академияси масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий бўлинмаси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий бўлинмаси экспертлари, Жазони ижро этиш департаменти, Фарғона ва Тошкент вилояти ички ишлар бошқармалари, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мазкур ўқув курси 3 босқичда ташкил этилмоқда.
Жумладан, жорий йил 17 ноябрдан – 17 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият олиб борувчи 1 минг 200 нафар тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун шундай машғулотлар режалаштирилган.
Ўқув курси БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг қийноққа солишга қарши курашишда илғор халқаро амалиёт ва миллий тажрибани қўллашга оид амалий кўникмаларини янада оширишга мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.12.2021
- Кўришлар: 2898
- Чоп этиш