2021 йил 17 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Конституция – Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг асоси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституция қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган байрам табриги мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланди.
Онлайн ва офлайн шаклдаги тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Ёшлар комиссияси аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбарининг табригида конституциявий ислоҳотнинг тўққиз йўналиши қамраб олинган. Мамлакатимиз келажаги учун муҳим ана шу тарихий вазифаларнинг ижроси барчамизга бирдек боғлиқ.
Замон ўзгаргани сайин талаблар ҳам шунга муносиб тарзда ортиб боради. Ижтимоий давлат қуришдек муҳим йўлга отланган эканмиз, бунда инсон, жамият, давлат тамойили устун қўйилиши керак. Шундан келиб чиқиб, бу йўлда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, мурожаатлар билан ишлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида мавжуд механизмни янада такомиллаштириш масаласи ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйиш эртанги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётимиз гарови эканлиги алоҳида таъкидланди.
Бугунимиз ва эртамиз эгалари ҳисобланувчи фарзандларимизнинг Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқишлари учун қулай замонавий шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, ҳозирги кунда Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши кераклиги табрикда алоҳида такидлангани бежиз эмас.
Мамлакат раҳбари томонидан Олий Мажлис палаталари, депутат ва сенаторлар, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар жамоатчилиги, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимлар, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, бутун халқимиз бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашларини билдирадилар, деб ишонч билдирилгани кенг жамоатчилик зиммасига катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, тадбирда депутатлар томонидан билдирилган таклифлар эртанги тараққиёт учун, Янги Ўзбекистон учун хизмат қилиши лозимлигига эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.12.2021
- Кўришлар: 3053
- Чоп этиш