2021 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлиси ана шу мавзуга бағишланди. Онлайн ва офлайн тарзда ўтказилган тадбир Миллий марказ ташаббуси билан ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитаси раисининг ўринбосари, Россия Халқлар дўстлиги университети ҳузуридаги Юридик институтнинг Халқаро ҳуқуқ кафедраси мудири, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва давлат халқаро муносабатлар университети Халқаро ҳуқуқ кафедраси профессори, юридик фанлар доктори, Аслан Абашидзе иштирок этди.
Анжуман ишида Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Давлат ва ҳуқуқ институти, Бош прокуратура Академияси раҳбарлари ҳамда профеесор-ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари – бевосита, шунингдек, Жамоат хавфсизлиги университети, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Қорақалпоқ давлат университети, Термиз давлат университети, Самарқанд давлат университети мутахассислари “зум” интернет дастури орқали қатнашди.
Мажлисда инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари муҳокама қилинди. БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитаси фаолияти, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг БМТ шартномавий органларига даврий маърузалар тақдим этиш борасидаги тажрибаси таҳлил қилинди.
Профессор А.Абашидзе кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда ҳаётнинг барча соҳаларида, шу жумладан инсон ҳуқуқларини ривожлантириш йўналишида улкан натижаларга эришилганини алоҳида қайд этди. Ўзбекистон нафақат халқаро мажбуриятларига изчил ва қатъий амал қилиш, шу билан бирга муҳим халқаро ташаббусларни илгари суриш борасида ҳам жаҳон ҳамжамиятига намуна бўлмоқда.
Учрашув якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантиришда қўшган ҳиссаси ва инсон ҳуқуқлари бўйича магистратура мутахассислигини очишдаги кўмаги учун профессор А.Абашидзега “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонини тантанали равишда топширди.
Маълумот учун: Аслан Ҳусейнович Абашидзе (1958 йил 18 ноябрда Аджарияда туғилган) — Россия Федерациясида хизмат кўрсатган юрист. БМТга кўмаклашиш Россия ассоциациясининг Халқаро ҳуқуқ комиссияси раиси, Россия Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Экспертлар кенгаши аъзоси, Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Маслаҳатчиси ҳисобланади. Олим халқаро ҳуқуқ бўйича таниқли мутахассис сифатида кўплаб экспертлар кенгашлари таркибида фаолият олиб боради.
Аслан Абашидзе Ўзбекистоннинг катта дўстидир. Россиялик олим бошқарадиган таълим муассасалари билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида самарали ҳамкорлик кўп йиллардан буён изчил ривожланиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.12.2021
- Кўришлар: 3008
- Чоп этиш