Болалар ҳуқуқи бўйича миллий тарихимизга теран назар

Ҳар қандай ота-она фарзандининг соғлом ва зеҳнли, касб-ҳунарли ва эл-юртига содиқ бўлиб вояга етишини истайди. Ўзбекистонда бу улкан мақсадни амалга ошириш истиқлолнинг илк йиллариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Зеро, болалари соғлом юрт қудратлидир.

Айниқса, кейинги даврда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида муҳим натижалар қўлга киритилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларнинг йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади».

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган. Асосий Қонунимизнинг 45-моддасида, жумладан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани белгилаб қўйилган. Бош Қомусимиз¬нинг 65-моддасига биноан эса: «Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади».

Миллий ҳуқуқий тизимимизда бола ҳуқуқларига оид қонунлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда ушбу соҳада юздан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бу ҳақда фикр юритганда, сўнгги йилларда БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини инобатга олган ҳолда, қарийб 20 та қонун қабул қилинганини таъкидлаш лозим.

Булар жумласига «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида», «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида» (янги таҳрирда), «Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида», «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунларни киритиш мумкин. Бундан ташқари, Оила кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Жиноят ижроия кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон мустақил¬ликка эришгандан сўнг 1992 йил 9 декабрда ўзбек парламенти ратификация қилган биринчи мажбурий халқаро-ҳуқуқий шартнома – Бола ҳуқуқлари конвенциясидир. Уни жаҳон болаларининг ўзига хос халқаро Конституцияси дейиш мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид ўндан ортиқ халқаро шартномаларга қўшилган.

Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва унинг иккита Факультатив протоколи иштирокчиси сифатида мазкур ҳужжатларнинг барча қоидасига тўлиқ амал қилиб келмоқда. Ушбу Конвенция қоидалари миллий қонунчилигимизга ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятига изчиллик билан сингдирилди.

Айни пайтда болаларнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларидан хабардорлик даражасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида инсон ва бола ҳуқуқларига бағишланган дарслар ўтилмоқда.

Шу жиҳатдан, 2017 йилда «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун қабул қилингани айни йўналишдаги ислоҳотлар узвий ва қатъий, изчил ва босқичма-босқич асосда давом этаётганининг ёрқин тасдиғидир. Янги Қонунда ёшларга оид сиёсатни, яъни навқирон авлоднинг ривожланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, давлат ва жамиятни ривожлантиришда уларнинг интеллектуал, ижодий салоҳиятидан унумли фойдаланишни назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими белгилаб берилгани ғоятда муҳимдир.

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев эълон қилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган конституциявий ислоҳотлар бу борада тубдан янги ҳуқуқий янгиланишларни кўзда тутмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйишимиз зарур.

Янада муҳими, фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқаётган бугунги кунда Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши керак.

Қолаверса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши зарур.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, иқтидорли олим Муслим Атаев томонидан нашрга тайёрланган «Исломда болалар ҳуқуқи» номли китоб бу борада яна бир мўъжаз ва муҳим амалий қадамдир. Китобда, аввало, улуғ аллома Маждуддин Уструшанийнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти, у яшаган давр, алломанинг устоз ва шогирдлари, бой илмий мероси, хусусан, «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган.

Маълумки, Имом Уструшаний (Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин ал-Уструшаний) ХII аср охири ва ХIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган уструшаналик улуғ алломадир. Маждуддин Уструшаний фиқҳ илми жадал ривожланган Қорахонийлар даврида Уструшанада таваллуд топган, фиқҳ илмидан дастлабки сабоқни маҳаллий фақиҳлардан ўрганган.

Ишончли қўлёзма манбаларга қараганда, Маҳмуд ва унинг ўғли Муҳаммад Уструшанийнинг устози Бурҳониддин Марғиноний ҳисобланади. Уструшанийлар шаклланган илмий муҳит асосан ҳанафий мазҳаби олимлари таъсирида бўлган. Энг муҳими, Имом Уструшанийнинг нафақат «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари, балки «Китаб ал-фусул», «Қуррат ал-айнайн фи ислаҳ ад-дорайн», «ал-Фатово», «ал-Қуруд ва-д-дуйун» ва «Ал-асъила вал-ажвиба» каби бошқа асарлари ҳам ўз даврида катта шуҳрат қозонган.

Аммо, мана шу жуда бой, ноёб ва нодир илмий-маърифий, маданий ва маънавий мерос шу пайтгача ўрганилмай келинган эди. Эътиборли жиҳати шундаки, Муслим Атаев ўз илмий изланишлари билан ушбу бўшлиқни тўлдиришга салмоқли ҳисса қўшди. Натижада бу борадаги тарихий маълумотлар тартибга солинди, тизимлаштирилди ва ўзаро қиёсий таҳлилдан ўтказилди.

Албатта, Маждуддин Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари бундан саккиз юз йил аввал дунё тарихида бола ҳуқуқларига бағишлаб ёзилган илк ҳуқуқий манба эканини алоҳида қайд этиш даркор. Бундай нодир асар мавжуд эканининг ўзиёқ, фикримизча, олис тарихда юртимизда забардаст уламолар ва фиқҳшунос олимлар томонидан кўпгина ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан, ислом ҳуқуқининг тизими, моҳияти, манбалари ва ривожланиш босқичлари мукаммал ўрганилиб, бу борада нодир асарлар яратилганини яққол тасдиқлаб турибди.

«Жомиъ аҳком ас-сиғор» ислом ҳуқуқшунослигига оид қимматли манбадир. Шу боис бу китоб илк марта 1982 йили ироқлик профессор Абдулҳамид Абдул Холиқ ал-Байзалий томонидан чоп этилган. Асарнинг иккинчи нашри эса Қоҳирада «ал-Азҳар» университети профессори Абу Мусъаб ал-Бадрий ҳамда ўқитувчи Маҳмуд Абдурраҳмон Абд ал-Мунъим томонидан тайёрланган.

Шу ўринда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва тарих фанлари номзоди Муслим Атаев «Жомиъ аҳком ас-сиғор»нинг Мисрда чоп этилган иккинчи нашри билан Тошкентда сақланаётган 5 та қўлёзма нусхаларини солиштириб кўрганига алоҳида эътибор қаратиш даркор. Нега деганда, шу жараёнда асарнинг Миср нашрида жиддий камчиликлар борлиги аниқланган.

Айни шу нуқтаи назардан, китобнинг тузатилган ва тўлдирилган араб тилидаги нашрини, шунингдек, ўзбек китобхонига туҳфа этилаётган ушбу нашрни тайёрлашда бундай нуқсонлар бартараф этилгани таҳсинга сазовор.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари вояга етмаган болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари хусусида ёзилган фиқҳий асарларнинг энг мукаммалидир. Асарда ҳанафий мазҳаби бўйича ёш болаларга тааллуқли фиқҳга оид тарқоқ ҳолда берилган юзга яқин манбалардан олинган 1 минг 280 дан ортиқ фатво ўз мужассамини топган.

«Исломда болалар ҳуқуқи» китобига ана шу фатволардан 400 га яқини саралаб олинган ва ўзбек тилига ўгирилган. Бу матнлар бугунги давримиз болалари ҳаётида учрайдиган ва аксарият ота-оналарни қизиқтирадиган мавзуларга бағишлангани алоҳида диққатга лойиқдир. Шу маънода, ушбу китоб ўзбек китобхони учун ниҳоятда фойдали ва манзур бўлади, деган умиддамиз.

 

Акмал Саидов, 
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси 
Миллий маркази директори, академик

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech