Жорий йилнинг 24 декабрm куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби Кабир Комиловнинг 110 йиллиги муносабати билан шу мавзуда хотира тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу хотира учрашувини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошқарди.
Тадбирда таъкидланганидек, таниқли ҳуқуқшунос олим, давлат ва жамоат арбоби Кабир Комилов 1935-1939 йилларда Тошкент юридик институтида ўқигач, турли юқори лавозимларда ишлаган. Хусусан, 1944-1947 йилларда Ўзбекистон ССР Адлия вазири, 1947-1950 йилларда эса республика Олий судининг раиси бўлган.
Шунингдек, у илм-фан тизимида ҳам самарали фаолият олиб борган. Жумладан, 1951-1958 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Ҳуқуқ бўлимида катта илмий ходим, 1960-1966 йилларда Фанлар академияси Президиумида илмий котиб муовини ва бошқа вазифаларда узоқ йиллар ишлаган.
Халқимизнинг жонкуяр фарзанди таваллудининг қутлуғ санаси муносабати билан олимнинг шахсияти ва фаолиятида мужассам бўлган ноёб фазилат ва хислатлари яна бир бор ёдга олинди. Кабир Комилов каби юртимиз суд-ҳуқуқ тизими ривожига муносиб ҳисса қўшган устоз ҳуқуқшуносларнинг хотирасини абадийлаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.12.2021
- Кўришлар: 3086
- Чоп этиш