Уйғонмоқчи эдим саҳарлаб,
уйғоқлигимни билиб қолдим.
Зилол сувга босганимда лаб,
чанқоқлигимни билиб қолдим.
Кўнгил сундим гоҳ пиёлага,
руҳим чайдим сўнг шалолага.
Талпиндиму муштоқ далага,
ирмоқлигимни билиб қолдим.
Дашт-далада кечди болалик,
кўрганим даштлигу далалик.
Пахталик, пиллалик, тиллалик
қашшоқлигимни билиб қолдим.
Эртак тинглаб ўсдим кўрпада,
билим олдим турфа-турфа-да,
улуғ зотлар ёйган сурпада
урвоқлигимни билиб қолдим.
Шўроларнинг замонин кўрдим.
Мустақиллик давронин сурдим.
Икки аср, икки даврдин
сабоқлигимни билиб қолдим.
Бу ҳаёт тинимсиз қайради,
кертилсам – ёвларим яйради.
Боқ, қинғир у тиғлар қайдадир?
Қайроқлигимни билиб қолдим.
Ёшлик – сайёр, кексалик – турғун,
сарватларни келарди кўргим.
Вале, боқиб кўнглимга бир кун –
завроқлигимни билиб қолдим.
Руҳлансам (бунча бесабр мен!) –
Ҳаволадим мисли абр, мен.
Ҳолбуки, ернишин қабрмен –
тупроқлигимни билиб қолдим.
Битибдирман бир нечта китоб –
умрим саволларига жавоб.
Барибир ҳам, негадир шу тоб
жумбоқлигимни билиб қолдим.
Эл-юртим, кўрк бўлгил очунга!
Кафтларим дуога очилган
ва лекин бармоқлар сочилган –
тарқоқлигимни билиб қолдим.
Бирлашинг, сирлашинг, бармоқлар;
юзга нур улашинг, бармоқлар;
яшайлик Ватанни ардоқлаб,
ардоқлигимни билиб қолдим.
Уйғонмоқчи эдим саҳарлаб,
уйғоқлигимни билиб қолдим...
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 05.01.2022
- Кўришлар: 3195
- Чоп этиш