Инсон қадрини улуғлаш йўлидаги ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори

2022 йил 12 январь куни Тошкентда “Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси – инсон қадрини улуғлаш йўлидаги ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан ташкил этилди.

Офлайн ва онлайн тарзда ўтган очиқ мулоқотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очар экан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳаси 7 та устувор йўналишдаги 94 та мақсадни қамраб олгани ва унда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида ҳамда сайловолди дастурида илгари сурилган ташаббуслар акс этганини таъкидлади. Стратегияда, жумладан, бир қатор концепция, дастур, стратегия ва қонун ҳужжатлари қабул қилиниши назарда тутилган.

Маълумки, «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратишга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳаси Интернетдаги regulation.gov.uz, 2022-2026.strategy.uz ва jamoatchilik.uz порталлари орқали кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилди.

Янги Ўзбекистон «адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти» деган муҳим ғоя негизида барпо этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилаб берган бу улуғвор мақсад асосида халқимиз янгидан-янги ислоҳотларнинг ҳақиқий муаллифига айланиб бормоқда.

Давра суҳбатида «Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқапарвар давлат барпо этиш» мавзусида маъруза қилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов таъкидлаганидек, яқин келажакда Янги Ўзбекистонни жаҳон майдонида кучли салоҳият ва муносиб обрў-эътиборга эга, ҳар томонлама обод ва фаровон, тинч ва осойишта мамлакатга айлантиришни мақсад қилган мазкур тарихий ҳужжат лойиҳаси бўйича фикр билдириш – эртанги кунига, оиласи иқболига, она юрти ва жонажон халқи тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир соғлом фикрли фуқаромиз учун шарафлидир.

Видеоконференцалоқа тарзида иштирок этган хориждаги Ўзбекистон ёшлари, хусусан, Япония, Украина, Сингапур, АҚШ ва Хитой давлатларида таҳсил олаётган магистрлар ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимиз Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси лойиҳаси юзасидан илиқ мулоҳазалар билдирдилар.

Хорижий давлатлардаги ватандошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар билан доимий алоқа ҳамда ҳамкорлик олиб бориш масалаларига доир 81-мақсад моҳиятан ижтимоий давлат барпо этишни кўзлаган Янги Ўзбекистонимиз учун энг тўғри йўналишлардан ҳисобланиши ни алоҳида эътироф этилди.

Қизғин баҳс-мунозаралар майдонига айланган муҳокамаларда экспертлар томонидан Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси лойиҳаси юзасидан мамлакатимиз ривожига хизмат қилувчи, илмий асослантирилган ва аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.

Тадбирда парламент депутатлари, сенаторлар, шунингдек Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Илмий-эксперт кенгаши ҳамда «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» журнали таҳрир ҳайъати аъзолари, Институт илмий ходимлари, хорижий мамлакатларда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган Ўзбекистон ёшлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech