Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали “Энг долзарб илмий мақолалар” танловини эълон қилади.
Танлов мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини илмий асосда ёритувчи таҳлилий мақолаларни кенг жамоатчиликка етказиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида мавжуд муаммоларни илмий асосда ўрганиш ва уларга назарий ҳамда амалий ечимлар таклиф этилишини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.
Унда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналида белгиланган талабларга мувофиқ илмий мақола ёзган барча муаллифлар иштирок этиши мумкин. Танлов ғолиблари журналда эълон қилинган мақолалар орасидан саралаб олинади ва 1 нафардан жами 3 нафар ўзбек, рус ва инглиз тилидаги энг долзарб илмий мақола муаллифлари аниқланади. Мақолалар Танлов ҳайъати аъзолари томонидан баҳоланади.
Илмий мақолани баҳолаш мезонлари:
- мавзунинг чуқур асослангани, илмий жиҳатдан долзарб, янги ва амалий аҳамиятга эга экани;
- мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг таҳлилий ёритилиши;
- муаммонинг аниқ кўрсатилгани ва уни бартараф этиш бўйича тавсиялар, таклифлар ишлаб чиқилгани;
- ҳаволалардан ўринли фойдаланилгани.
Танлов натижалари 2022 йил 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида эълон қилинади. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
- Қўшилди: 18.01.2022
- Кўришлар: 3359
- Чоп этиш