Ўзбекистоннинг Коррупцияни қабул қилиш индексидаги ўрни юксалди

“Transparency International” халқаро ташкилоти 2021 йил учун  “Коррупцияни қабул қилиш индекси”нинг янгиланган рейтингини эълон қилди. (https://www.transparency.org/en/cpi/2021) Унга кўра, Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага кўтарилиб, 180 мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади, деб хабар бермоқда segmentuz сайти.

Бу бежиз эмас. Чунки сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистон Республикасида давлат фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган.

Хусусан, 2016 йил октябрда давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатидаги илк сайловолди маърузасида маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлар баробарида Ўзбекистоннинг барқарор ривожига хавф туғдираётган таҳдидлар орасида айнан давлат ҳокимиятини обрўсизлантириб, иқтисодиётнинг ўсиши ва тадбиркорлик ривожига жиддий тўсиқ бўлиб келаётган коррупция масаласига барчанинг эътиборини қаратди.

Айнан шу даврдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланди. Ўтган қисқа даврда бу борада изчил қадамлар қўйилди. Жумладан:

  • 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида коррупцияга қарши кураш мамлакат олдида турган асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.
  • 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
  • 2017 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
  • 2018 йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституция қабул қилингани 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидаги таклифи асосида Олий Мажлис палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида қўмиталар ташкил қилинди.
  • 2019 йил 27 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича мавжуд тизим янада такомиллаштирилди.
  • 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланди.
  • Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси таркиби тасдиқланди.

Шу билан бирга, давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизими шакллантирила бошланди.

Давлат хизматчилари учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхати белгиланди.

Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этилди.

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб, ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширила бошланди, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилиши белгиланди.

2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари:

коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари, шунингдек, уларнинг функциялари (ваколатлари)нинг рўйхатини шакллантирди;

идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлари ижросининг ҳар чораклик мониторингини амалга ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларни минимум даражага тушириш чоралари кўрилди.

Муайян тоифадаги давлат хизматчиларининг мулки ва даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этишга киришилди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда жамият ва давлатнинг бирламчи умумий мақсадига айлангандир.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech