2022 йил 29 январь куни Брюсселда «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 15-йиғилиши бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда.
Делегация раҳбари А.Саидов 30 январда Европа оммавий ахборот воситалари ва маданий-гуманитар соҳалар вакиллари иштирокидаги матбуот тадбирлари доирасида Бельгиянинг “Modern Education & Research Institute” (MERI) таълим институти директори Е.Царанок билан учрашди.
Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда мактабгача таълим, мактаб таълими ва олий таълим равнақига алоҳида устувор аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Айни вақтда мамлакатда 142 та олий ўқув юрти мавжуд бўлиб, улар орасида нуфузли хорижий олий таълим муассасалари кўпчиликни ташкил этади.
Ўз навбатида, Е.Царанок Брюсселда жойлашган MERI таълим институтига 2016 йилда олий таълим соҳасида фаолият юритадиган нотижорат ташкилот сифатида асос солинганини маълум қилди. Мазкур институт таълимни байналмилаллаштиришга кўмаклашиш ҳамда олий таълим тизимига глобал миқёсдаги замонавий ёндашувларни жорий этиш борасида ўқитувчилар ва университетлар маъмуриятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
MERI таълим институтида мунтазам равишда халқаро илмий конференциялар, малака ошириш дастурлари, таълимнинг инновацион усулларини татбиқ этиш бўйича тренинглар ўтказилади. Бу ерда, монография ва илмий тадқиқотлар тақдимотлари учун ҳам кенг шарт-шароит яратилган.
Мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишлари муҳокама қилинди. MERI таълим институти директори ўзбек олимларини, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳуқуқшунос мутахассисларини Лёвен католик университетида тажриба (стажаровка) ўташ ҳамда ушбу олий таълим муассасаси ҳузуридаги Европа ҳуқуқи маркази фаолиятини ўрганиш учун таклиф этишга ёрдамлашгани тайёр эканини билдирди.
Бундан ташқари, Е.Царанок ўзи раҳбарлик қилаётган таълим муассасаси Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга шайлигини қайд этди. Бу ўринда турли соҳалар бўйича сабоқ берадиган ўқитувчилар малакасини ошириш ва олий ўқув юртларининг халқаро кўламдаги фаоллигини кучайтириш масалалари ҳақида сўз бормоқда.
Учрашув якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан муайян келишувларга эришилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 31.01.2022
- Кўришлар: 2627
- Чоп этиш