Қўмита инсон қадрини таъминлашнинг устувор вазифаларини белгилаб олди

2022 йил 4 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясидаги инсон қадрини таъминлашнинг устувор мақсад ва вазифаларини амалга оширишда парламентнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Адлия вазирликлари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, ЎзННТМА, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов кириш сўзи билан очиб берди.

Таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида ислоҳотларнинг натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди. Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси 2026 йилгача бўлган бунёдкорлик жараёнини қамраб олади ва йилма-йил амалга ошириб борилади.

Тадбир иштирокчилари томонидан Тараққиёт стратегиясида еттита устувор йўналиш белгилаб олинганлиги ва ҳар бир йўналиш замирида инсон қадрини таъминлашдек улуғ мақсад ётганлиги алоҳида эътироф этилди.

Қайд этилганидек, давлат ва шахс, жамият ва инсон муносабатларида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган бир қатор тамойилларнинг илгари сурилиши ва улар мамлакатимизнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларида энг муҳим ўрин тутиши Янги Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида бундан буён тутадиган позициясини дунё ҳамжамияти тан олишига замин яратади.

Тараққиёт стратегиясида кўпгина соҳалар қатори инсон қадрини юксалтириш билан боғлиқ бир қатор мақсад ва вазифалар ҳам қамраб олинган. Жумладан, 7 та устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун – 100 та мақсад” белгилаб олинган бўлиб, 1-йўналиш “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо қилиш” деб номланган. У 12 мақсад ва 45 та вазифани қамраб олган. Ушбу мақсадларга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институтининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, натижада маҳаллани жамиятнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш вазифаси қўйилган.

Тадбирда таъкидланганидлек, халқ билан мулоқотнинг механизмларини такомиллаштириш деб номланган 11-мақсадда “Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “Халқпарвар давлат” миллий дастурини амалга ошириш, халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш каби вазифалар қўйилган. Шунингдек, Тараққиёт стратегиясида мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга замин яратилган ва аниқ механизмлар назарда тутилган.

Давра суҳбати иштирокчилари бу муҳим вазифани амалга ошириш учун барча манфаатдор вазирлик ва идораларнинг, асосийси, фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатларини сафарбар қилиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Зеро, Янги Ўзбекистон – инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатдир.

Қизғин ва конструктив руҳда ўтган давра суҳбати якунида “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонидан келиб чиққан инсон қадрини улуғлаш ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш билан боғлиқ мақсадларни амалга оширишда Олий Мажлис олдида турган долзарб вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech