НЬЮ-ЙОРК, 5 февраль. /«Дунё» АА/. Кеча Нью-Йоркда БМТ Тамаддунлар альянси томонидан Халқаро биродарлик куни муносабати билан видеоанжуман шаклида тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда ташкилотга аъзо қатор давлатларнинг доимий вакиллари, таниқли дин ва жамоат арбоблари қатнашди.
Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов мамлакатимизнинг диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, турли конфессияларнинг тинч-тотув яшаши борасидаги бой тажрибаси ҳақида батафсил маълумоттақдим қилди. Унда мамлакатимизда яшаётган барча халқларнинг диний эркинлигини таъминлаш, маданияти, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш борасида мустаҳкам норматив-ҳуқуқий асос яратилгани маълум қилинди.
Кўп томонлама форум иштирокчилари Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар билан ушбу йўналишдаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати билан ҳам таништирилди. БМТ дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг 2017 йил октябрь ойида мамлакатимизга амалга оширилган муваффақиятли ташрифи маълум қилинди.
Ўзбекистоннинг БМТ майдонида диний бағрикенглик масалаларини тарғиб этишга қўшган улкан ҳиссаси таъкидланди. 2018 йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан илгари сурилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясининг бир овоздан қабул қилингани алоҳида қайд этилди. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга кўмаклашиш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришдан иборат. У бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни тарғиб қилиш, дин эркинлигини таъминлаш, диндорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишининг олдини олишга қаратилган.
Ўзбекистоннинг БМТ, ташкилотга аъзо давлатлар ва бошқа манфаатдор томонлар билан динлараро тотувлик ва бағрикенгликни муҳофаза қилиш ва тарғиб қилишда яқин ҳамкорликка содиқлиги тасдиқланди.
Халқаро биродарлик куни 2021 йилдан бери нишонланмоқда. Унинг асосий мақсади динлараро ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, инсонлар ўртасида тинчлик, бағрикенглик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик маданиятини мустаҳкамлашдан иборат.
- Қўшилди: 07.02.2022
- Кўришлар: 2829
- Чоп этиш