Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг Имкониятларда гендер тенглик комиссияси раиси Фатма Аксал бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқот аввалида А.Саидов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, мазкур учрашув икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Суҳбат чоғида делегация аъзоларига мамлакатимизда сўнгги беш йилда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ҳар томонлама пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари, бугун республикамизда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳақида сўзлаб берилди.
Учрашувда қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Туркия парламенти билан парламентлараро мулоқотни турли даражада фаоллаштириш тарафдори. Бу борада мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқалар мунтазам равишда ривожланаётгани қувонарли ҳолатдир.
Мамлакатларимизни тарихий алоқалар, маданий ва диний ришталар ҳамда анъаналар ва маънавий қадриятлар яқинлиги боғлаб туради. Жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон-Туркия дипломатик муносабатларининг ўрнатилганига 30 йил тўладиган бўлса, 2021 йил Туркия томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олинганига 30 йил тўлди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида сезиларли даражада ривожланиб бораётгани, минтақалар ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада жонланиб, мунтазамлик касб этиб бораётгани қайд этилди.
Томонлар сўнгги йилларда ҳар иккала мамлакат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон сайъ-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилганини алоҳида таъкидладилар.
Мулоқот якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.
- Қўшилди: 08.02.2022
- Кўришлар: 2859
- Чоп этиш