Германия матбуоти “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” форматида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 8 февраль. /«Дунё» АА/. Германиянинг “Rusverlag.de” ахборот порталида Ўзбекистон-Европа Иттифоқи формати доирасидаги парламентлараро ҳамкорлик муносабатларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда қайд этилганидек, “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламентлараро ҳамкорлик қўмитасининг 15-йиғилишида Олий Мажлис ва Европа парламенти ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинган.

Европарламент вице-президенти Хайди Хаутал қаламига мансуб ушбу мақолада томонлар пандемия шароитида ўзаро ҳамкорлик масалаларини, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш борасида Ўзбекистонда эришилган муваффақиятлар ҳамда инвестиция муҳитини муҳокама қилишгани баробарида ўзаро иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, минтақалараро боғлиқликни ривожлантириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини қўллаб-қувватлаш, молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш, сайёҳлик ва таълим соҳасидаги алмашувни  рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

 «Европа Иттифоқи савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ҳамкорликни фаоллаштириш, иқлим ўзгариши каби таҳдидларга қарши курашиш, шунингдек, одамлар ўртасидаги алоқаларини кенгайтиришдан манфаатдордир. Бугунги кун тартиби бизнинг ҳамкорлигимиз кўламини акс эттиради, уни янада мустаҳкамлашимиз керак. Шу билан бирга, унда биз бажаришимиз керак бўлган ишлар кўлами ҳам акс этган», деб ёзади муаллиф.

“Rusverlag.de” ахборот портали «Ўзбекистон- Европа Иттифоқи» парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Акмал Саидовнинг “Ўзбекистон очиқ ички ва ташқи сиёсат юритиш, мувозанатли парламент дипломатияси, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида халқаро майдонда ҳақли равишда эътироф қозонмоқда. Брюсселдаги ушбу учрашув эса бунинг ёрқин тасдиғидир”, деб айтган сўзларидан иқтибос келтирган.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech