Ногиронлик муаммолари бўйича Глобал саммитда Ўзбекистон вакиллари иштирок этади

Жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари Ногиронлик муаммолари бўйича иккинчи Глобал саммит (GDS22) бўлиб ўтади. Корнавирус пандемияси билан боғлиқ шароитларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу халқаро тадбир онлайн шаклда ташкил этилмоқда.

Саммитда давлат бошлиқлари ва ҳукумат раҳбарлари, алоқадор вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари, хусусий сектор вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этиши кутилмоқда.

Глобал саммитни ўтказишдан мақсад – БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари принципига мувофиқ, инклюзив тараққиёт талабларини илгари суришдан иборат. Бу, ўз навбатида, имконияти чекланган инсонлар ҳаётида аниқ ва амалий ўзгаришлар юз беришига хизмат қилади.

Шу муносабат билан Норвегия ва Гана ҳукуматлари ҳамда Ногиронлик муаммолари бўйича халқаро альянс (IDA) Ўзбекистон томонини Ногиронлик муаммолари бўйича иккинчи Глобал саммит ишида қатнашишга таклиф этди.

Халқаро анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари онлайн тарзда қатнашади.

 Маълумот учун: Ногиронлик муаммолари бўйича биринчи Глобал саммит (GDS18) 2018 йилда бўлиб ўтган. Буюк Британия ва Кения томонидан ташкил этилган халқаро анжуманда 171 мамлакат, халқаро ташкилотлар, фондлар ва фуқаролик жамияти вакиллари қатнашган.

Ўша саммит иштирокчилари имконияти чекланган инсонларни жамият ҳаётига уйғунлаштиришга қаратилган 968 та алоҳида мажбуриятни ўз зиммасига олган. Энг муҳими, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бажарилишини рағбатлантиришга йўналтирилган Ўзгаришлар хартияси қабул қилинган. Хартияни дунё мамлакатлари ҳукуматлари ва ташкилотларининг 300 дан ортиқ мутасаддиси имзолаган.

  

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech