Омбудсманга ўтган йили 18 минг 738 та мурожаат келиб тушган

2022 йил 11 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси ҳамда Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов иштирок этган тадбирда депутатлар, Инсон хуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Ҳисобот даврида Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлат фуқаролари, омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ҳамда бошқа юридик шахслардан 18 минг 738 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 39,6 фоизи – фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 29,9 фоизи – ижтимоий, 24,3 фоизи – иқтисодий, 5,6 фоизи – сиёсий, 0,6 фоизи – экологик ҳуқуқларга тегишлидир.

Шунингдек, Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикасининг 39 та қонун лойиҳаси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 141 та моддасига таклиф ва мулоҳазалар билдирилган.

Вакил томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши ҳамда инсон ҳуқуқларининг таъминланганлиги бўйича бир қатор мониторинг тадбирлари ўтказилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг БМТ органлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси, USAID, Халқаро қамоқхоналар ислоҳотининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси каби халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги фаол ривожланмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech