2022 йил 11 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси ҳамда Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Болалар омбудсманининг (Болалар омбудсмани) 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Тадбирда депутатлар, Инсон хуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов иштирок этган ушбу мажлисда мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилгани таъкидланди. Боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади.
2021 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларидан, болалар ҳамда улар қонуний вакилларидан 182 та мурожаат келиб тушган. Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан 123 та сўров давлат ташкилотларига юборилган.
Шу билан бирга, бола ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганларга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросининг назоратини олиб бориш ва тегишли органлар билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат бошқаруви органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга 47 та сўров жўнатилган.
Болалар омбудсмани бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда 31 та мониторинг ўтказган.
Мониторинглар 6 та ҳудудда – Самарқанд, Навоий, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган. Шу жараёнда 600 нафарга яқин фуқаро билан учрашилиб, улардан қарийб 150 нафари билан якка тартибда суҳбатлашилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.02.2022
- Кўришлар: 2828
- Чоп этиш