Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишининг 4-банди ижроси доирасида тайёрланди.
Президент қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун жойлаштирилди.
Инсон ҳуқулари соҳасидаги таълим – Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбияни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, бу борада ҳал этилмаган қатор масалалар, камчиликлар ва фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Жумладан:
- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Инсон ҳуқуқларини ўрганиш” мавзусидаги махсус ўқув курси барча олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичи талабаларига 2020/2021 ўқув йили 1-семестридан жорий этилиши тўғрисидаги топшириғига қарамасдан, барча олий таълим муассасаларида ҳам ушбу ўқув курсининг ўқитилиши йўлга қўйилмаган;
- “Инсон ҳуқуқларини ўрганиш” мавзусидаги махсус ўқув курслари баъзи олий таълим муассасаларида йўлга қўйилган бўлса-да, ўқув курсларини молиялаштириш масаласи ҳал қилинмаганлиги туфайли номутахассис ўқитувчилар томонидан ўқитилмоқда;
- “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” фанлари бўйича замонавий дарсликлар, ўқув-дидактик, мультимедиа материаллари мавжуд эмас.
Қарор лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини ва Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ушбу Қарор лойиҳасида:
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурининг мақсад ва вазифалари;
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурининг асосий йўналишлари;
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш, бажарилишини мониторинг қилиш ҳамда молиялаштириш механизми ва кутилаётган натижалар ўз аксини топган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурининг асосий йўналишларидан келиб чиқувчи 54 та чора-тадбирни ўз ичига олади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим лойиҳасининг дастлабки варианти 2021 йил декабрь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази расмий веб-сайти орқали жамоатчилик учун тақдим этилганди. Натижада лойиҳа бир қатор таклиф ва тавсиялар билан такомиллаштирилди.
Шунингдек, ушбу лойиҳа 2021 йил 10-11 декабрь кунлари бўлиб ўтган “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусидаги халқаро конференция доирасида халқаро ва миллий экспертлар томонидан кенг муҳокама килинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.02.2022
- Кўришлар: 2765
- Чоп этиш