2022 йил 16 февраль куни Москвада шу мавзуда халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Ушбу тадбир атоқли ҳуқуқшунос ва рус қонуншунослиги ислоҳотчиси Михаил Сперанский таваллудининг 250 йиллигига бағишланди.
Анжуманда М.Сперанский саъй-ҳаракатлари билан рус юриспруденциясини юксалтириш борасида эришилган ютуқлар ҳамда машҳур ҳуқуқшуноснинг ҳаёт йўли ва илмий фаолияти ҳақида сўз борди. Россия қонунчилиги ривожининг ҳозирги замон тенденциялари, ҳуқуқнинг жамият ва инсон ҳаётига таъсири билан боғлиқ муҳим омиллар ҳам кенг муҳокама қилинди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов онлайн тарзда иштирок этди ва маъруза қилди.
Академик А.Саидов даставвал дунё ҳуқуқшунослиги тажрибасида янги давлатчилик ҳуқуқий тизимининг тутган ўрни тўғрисида фикр юритди. Янги Ўзбекистон қонун ижодкорлиги истиқболлари ва мамлакатимиз Тараққиёт стратегиясида инсон ҳуқуқларини ривожлантириш борасида белгиланган устувор вазифаларнинг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.02.2022
- Кўришлар: 3037
- Чоп этиш