Ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланади

Жорий йилнинг 12 — 18 февраль кунлари Буюк Британиянинг Global Partners Governance Foundation нодавлат ташкилотлари вакиллари мамлакатимизда бўлиб турибди.

2022 йил 17 февраль куни парламент қуйи палатасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов Буюк Британия Лордлар палатаси аъзоси А.Сатти ҳамда “Глобал шериклар бошқаруви жамғармаси” вакиллари З.Икбал ва Э.Уолкерлар билан учрашди.

А.Саидов меҳмонларни самимий қутлаб, уларга мамлакат парламенти қуйи палатасининг асосий фаолият йўналишлари, хусусан, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бўйича қўмита ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси фаолияти ҳақида маълумот берди.

Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси А.Сатти самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатларини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эгалигини, икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигини таъкидлади.

Глобал Партнерс Говернансе Фоундатион (GPGF) нодавлат ташкилоти ривожланаётан мамлакатларда парламентаризм ва давлат бошқарувини ривожлантириш бўйича дастурларни амалга оширишга ихтисослашган Буюк Британиянинг энг илғор структураларидан бири ҳисобланади.

GPGF ўзини ижтимоий фонд сифатида таништиради ва жаҳон мамлакатларида сиёсий институтларни мустаҳкамлаш ва кўмаклашиш учун фаолият олиб боради. Яъни, икки йўналишда: биринчидан, GPGF ходимлари ва ҳамкорлари бевосита давлатларнинг сиёсатчилари, парламентлари ва вазирликлари билан ишлайди, уларнинг самарасини ошириш учун маслаҳат ёрдамини кўрсатади.

Иккинчидан, GPGF таҳлилий маърузаларни тайёрлайди, халқаро донорлар учун тавсияларни бажариб беради ва улар ёрдам кўрсатмоқчи мамлакатларда давлат бошқарувини яхшилаш бўйича маслахатлар беради.

Учрашувда қайд этилганидек, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси ҳамда Буюк Британиянинг Глобал шериклар бошқаруви жамғармаси нодавлат ташкилоти ўртасида ўзаро англашув меморандуми 2021 йил февраль ойида тузилган.

Ушбу Меморандумга асосан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни ва унинг амалда қўлланишини, ушбу соҳадаги халқаро стандартлар ва амалиётга мувофиқ равишда такомиллаштириш мақсадида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш манфаатдорлигини назарда тутилган.

Учрашув давомида GPGF ташкилоти Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этиш парламент комиссияси билан ишлашнинг бир қисми сифатида парламент сўровларини олиб бориш учун илғор тажриба моделининг лойиҳасини таклиф этди.

Мулоқот сўнггида билдирилган таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб, келгусида ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech