“Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) томонидан Истанбул шаҳрида инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича ташкил этилган халқаро семинар муҳим мавзуга бағишланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мазкур анжуман ташаббускорларидан бири – ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси билан инсон ҳуқуқларини ривожлантириш борасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда”.
2022 йил 17 февралда ушбу халқаро семинарда онлайн иштирок этган ва анжуманда сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов шундай деб таъкидлади.
А.Саидов қайд этганидек, бугунги кунда Ўзбекистон билан ИҲТ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон томони ИҲТни муқаддас динимизни тинчлик ва тараққиёт омили сифатида эътироф этадиган ислом дунёси мамлакатларининг нуфузли ва самарадор форуми сифатида эътироф этади.
Маълумки, 2019 йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 6-семинари ўтказилган. Ҳар йили ўтказиладиган анжуманнинг пойтахтимиздаги халқаро тадбири “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусига бағишланди.
Тошкент семинари иштирокчилари томонидан якунловчи ҳужжат – ИҲТ аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларацияси қабул қилинди. Декларацияда халқаро даражада ва ИҲТга аъзо мамлакатлар томонидан ёшлар ҳуқуқларини тўла таъминлаш йўлида амалга ошириладиган муҳим ташаббуслар баён этилган.
Бундай яқин ҳамкорликда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида йўлга қўйилган ўзаро муносабатлар алоҳида ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, келгусида Миллий марказ билан ИҲТ Комиссияси ўртасида амалий ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган Меморандум имзолаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Истанбул халқаро семинари ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва Туркия Республикаси Ҳукумати томонидан ташкил этилган. Унда ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва шу иллатлар билан боғлиқ зўравонликларга қарши кураш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, БМТнинг Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияси, Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар стратегияси доирасида эришилган келишувларнинг бажарилишига тўсиқ бўлаётган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.02.2022
- Кўришлар: 2677
- Чоп этиш