2022 - йил 15 февраль куни Парламентлараро Иттифоқнинг Шаффофлик, ҳисобдорлик ва очиқлик масалалари бўйича ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир онлайн шаклда ташкил этилди.
Мазкур Ишчи гуруҳ Парламентлараро Иттифоқнинг транспарентлик, ҳисобдорлик ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари юзасидан ўтказган мустақил тадқиқот натижасида тузилган.
Мустақил эксперт Малика Айт-Муҳаммад бу борада Парламентлараро Иттифоқ Котибияти тақдим этган мустақил мандат доирасида иш олиб борди. Эксперт томонидан Парламентлараро Иттифоқ бошқаруви ва Котибиятида қўлланаётган сиёсат ва амалиёт таҳлил қилинди.
Таҳлилдан мақсад шунга ўхшаш ташкилотларга тааллуқли ахборот, жорий сиёсат ва амалиётни қиёсий ўрганиш асосида эҳтимолий камчиликларни аниқлаш ҳисобланади. Ҳисобот муаллифлари томонидан Парламентлараро Иттифоқ фаолияти шаффофлигини баҳолашнинг янги мезонлари ишлаб чиқилди.
Ишчи гуруҳ мажлисида Евроосиё гуруҳи номидан – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси вице-президенти Акмал Саидов сўзга чиқди.
А.Саидов Шаффофлик, ҳисобдорлик ва очиқлик масалалари бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилганини қўллаб-қувватлади. Ушбу тузилма Парламентлараро Иттифоқнинг фаолияти учун манфаат келтириши ҳамда мазкур халқаро ташкилот ўз ишида шаффофлик, ҳисобдорлик ва очиқликни мустаҳкамлаши, бу тамойилларга янада қатъий амал қилишига кўмаклашишига ишонч билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.02.2022
- Кўришлар: 2851
- Чоп этиш