Ногиронлик муаммолари бўйича иккинчи Глобал саммитда Ўзбекистон тажрибаси эътироф этилди

ТОШКЕНТ, 19 февраль. /«Дунё» АА/.  Шу йил 16-17 февраль кунлари Ногиронлик муаммолари бўйича иккинчи Глобал саммит (GDS22) бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, халқаро анжуман Норвегия ва Гана ҳукуматлари ҳамда Ногиронлик муаммолари бўйича халқаро альянс (IDA) томонидан онлайн шаклда ташкил этилди.

Глобал саммитда БМТ ва унинг минтақалардаги муассасалари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат бошлиқлари ва ҳукумат раҳбарлари, алоқадор вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари, хусусий сектор вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари – жами 4 мингдан зиёд вакил иштирок этди. 

Саммитни Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре очар экан, мазкур халқаро анжуман бутун дунёдаги имконияти чекланган инсонлар ҳаётини яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга йўл очишини таъкидлади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, ўз навбатида, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилишнинг қатор устувор йўналишларини илгари сурди. Хусусан, Бош котибнинг фикрича, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамма жойда ҳар қандай имкониятлардан тенг фойдалана олишига шароит яратиш учун инвестициялар зарур. Бу эса катта миқдордаги молиялаштиришни тақозо этади.

Ногиронлик муаммолари бўйича иккинчи Глобал саммитда сўзга чиққан Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов Ўзбекистон томонидан 2021 йил 7 июнь куни БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг ратификация қилингани ушбу соҳада самарали ислоҳотларни давом эттиришнинг ёрқин намунаси бўлганини қайд этди. 2020 йилда қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун мазкур Конвенциянинг асосий қоидаларини амалга оширишга қаратилган.  

 Таъкидланганидек, мамлакатимизда ушбу Конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзосидир. Шу маънода, мамлакатимиз Конвенцияни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этиш бўйича мазкур Миллий ҳаракатлар режасини тасдиқлашни зиммасига  олади. Кейинги, яъни 2023 йилда Ўзбекистон БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг бажарилиши бўйича дастлабки ҳисоботини тегишли тартибда тақдим этади.

Глобал саммитда 20 нафар олий даражадаги спикер иштирок этди ва сўзга чиқди.

Халқаро анжуман иштирокчилари БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг ижросини таъминлаш ва унинг бажарилишини мунтазам мониторинг қилиб бориш жуда муҳимлигини қайд этди. Шунда имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш масаласи инсониятнинг барқарор ва фаровон жамият барпо этиш борасидаги глобал фаолиятининг диққат марказида туришига эришилади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech