Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг “Ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш: миллий ва халқаро ёндашувлардаги ўзаро муштараклик” номли мақоласи "Bugungi O`zbekiston" газетасининг 2022 йил 22 февраль сонида эълон қилинди.
Мақолада, даставвал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилган. Кейинги йилларда бу борада Ҳаракатлар стратегияси доирасида эришилган самаралар ва Тараққиёт стратегиясида белгилаб олинган устувор вазифаларнинг моҳияти ҳамда аҳамияти таҳлил этилган.
Ўз навбатида, 2022 йил 16-17 февраль кунлари бўлиб ўтган Ногиронлик муаммолари бўйича Глобал саммит тафсилотлари келтирилган. Мақолада таъкидланганидек, Глобал саммитда БМТ ва унинг минтақалардаги муассасалари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат бошлиқлари ва ҳукумат раҳбарлари, алоқадор вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари, хусусий сектор вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари – жами 7 мингдан зиёд вакил иштирок этган.
Муаллифнинг фикрича, халқаро анжуманга Ўзбекистон ҳам таклиф этилгани, янада муҳими, мамлакатимиз вакилига Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳақида ахборот тақдим этиш имконияти яратилгани алоҳида диққатга лойиқ.
Чунки, биринчидан, халқаро ҳамжамиятнинг бундай ижобий муносабати, бир томондан, Ўзбекистон миллий тараққиёт йўлидан оғишмай, дадил одимлаётганини тасдиқлайди.
Иккинчидан, бу жаҳоний эътибор мамлакатимизнинг халқаро майдонда ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганига яна бир ёрқин далил ҳисобланади.
Учинчидан, буларнинг барчаси – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Президенти олиб бораётган сиёсат билан халқаро ҳамжамиятнинг глобал саъй-ҳаракатлари ўзаро уйғун ҳамда муштарак эканини амалда намоён этмоқда, дейилади мақолада.
Маълумот учун: "Bugungi O`zbekiston" газетаси янги даврий нашр бўлиб, 8 саҳифада, 5 минг 100 ададда чиқа бошлади. Газета муассиси: "BUGUNGI DAVR" масъулияти чекланган жамияти. А.Саидовнинг мақоласи ушбу газетанинг 3-сонида чоп этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.02.2022
- Кўришлар: 2633
- Чоп этиш