Ўзбекистоннинг Учинчи даврий миллий маърузаси кун тартибида

Аввал хабар берганимиздек, Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг онлайн шаклдаги 71-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий миллий маърузасини кўриб чиқиш давом этмоқда.

Учинчи даврий миллий маърузани кўриб чиқишда Ўзбекистон томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мутасадди давлат органлари раҳбарларидан иборат мамлакатимиз делегацияси ҳамда 10га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашмоқда.

Қўмита йиғилишида меҳнат қилиш ҳуқуқи, адолатли меҳнат шароитлари, касаба уюшмаларини ташкил этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи, камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий таъминотга бўлган ҳуқуқларни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Қўмита раиси М.Э. Абдель-Монеим ва қўмита аъзолари П.Саран, Л.Хеннебель Ўзбекистон томонидан Пакт қоидалари ва Қўмита тавсияларини бажариш бўйича амалга оширилаётган қонунчилик, институционал, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Шунингдек, қўмита аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий миллий маърузаси бўйича саволлар билан юзланди. Интерфаол мулоқот давомида Ўзбекистон делегацияси саволларга амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, давлат статистик маълумотларига асосланиб тушунтиришлар берди.

Қўмита аъзолари томонидан тақдим этилган саволлар таҳлили шуни кўрсатадики, халқаро экспертлар Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб- қувватлайди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech