СЕУЛ, 4 март. /«Дунё» АА/. Жанубий Кореяда нашр этиладиган «The Korea Post» журнали саҳифасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Муаллиф ёзганидек, инсон ҳуқуқларини таъминламасдан туриб давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий-гуманитар ривожланишини таъминлаш ғайри имкон. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббускорлигида яқин 5 йил давомида мамлакатни ривожлантиришнинг 7 устувор йўналиши асосидаги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг комплекс ва юксак мақсадларни кўзлаган янги стратегияси ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон тараққиётининг янги стратегияси "инсон – жамият – давлат" деган янги тамойил асосида миллий тараққиётнинг истиқболли босқичини бошлаб беради. Шу мақсадда янги ислоҳотларни амалга ошириш объектив зарурат, катта стратегик вазифа бўлди.
Мақолада таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан "Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида умумэътироф этилган меъёрларга қатъий риоя этган ҳолда изчил ривожланиб бораётган, халқаро ҳамжамият билан дўстлик ва ҳамкорлик тамойилларига таяниш асносида дадил одимлаётган, халқи учун эркин, қулай ва фаровон ҳаёт барпо этишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган".
- Қўшилди: 07.03.2022
- Кўришлар: 2527
- Чоп этиш