Марказ вакиллари шифохонадаги байрам тадбирида қатнашди

“Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади. Дуогўй момоларимиз, муштипар оналаримиз ва азиз опа-сингилларимиз бу эҳтиром ва эътиборнинг албатта қадрига етадилар. Аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда эса, тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидланган ушбу самимий фикрлар мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва меҳнат жамоаларида бўлиб ўтаётган байрам тадбирларида мунтазам янграмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Тошкент вилояти Зангиота тумани кўптармоқли марказий поликлиникасида бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг матбуот котиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир ва таржимон Ғулом Мирзо, Зангиота туман соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Камолиддин Раҳимов, мазкур поликлиника бўлим мудири Муҳаббат Носирова иштирок этди.

         Байрам тадбирида ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланиши қайд этилди. Шу маънода, халқимизни рози қилишдек олий мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бирига айлангани бежиз эмас.

         Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари нашр эттирган янги китоблар тақдимоти ва мушоира ташкил этилди.

Шифокор, ҳамшира, тиббий хизматчи хотин-қизларга китоблар ва совғалар улашилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech