Сўнги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида мамлакатимиз аёлларининг жамият ҳаёти ва давлат фаолияти билан боғлиқ жараёнлардаги фаол иштироки тобора ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги фармонига мувофиқ, фаол ва ташаббускор, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни тарғиб этишда ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни тақдирлаш мақсадида “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилган.
Республика комиссияси маълумотига кўра, жорий йилда мазкур кўкрак нишони билан тақдирлаш учун 819 та ҳужжат тақдим этилган. Шу асосда оналик, мўътабарлик мақомига муносиб ютуқларга эришган, республика миқёсида, ҳудудларда, маҳаллаларда ибратли фаолият кўрсатаётган, оиласидаги маърифий муҳит билан бошқаларга ўрнак бўлишни ҳаёт тарзига айлантирган опа-сингилларимиз, мунис онахонларимиздан 282 нафари “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мукофотга сазовор бўлганлар орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Ҳисоб-китоб бўлими бошлиғи Дилбар Шодмонова ҳам бор. Ҳамкасбимизнинг “Мўътабар аёл” кўкрак нишони тақдирланиши, бир томондан, йиллар давомида эл-юрт олдидаги хизматларининг муносиб баҳоси бўлса, иккинчи томондан, бой меҳнат тажрибаси, ҳаётий ҳикматлари билан жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасининг эътирофи ҳамдир.
Миллий марказ жамоаси Дилбар опани ушбу юксак мукофот билан муборакбод этиб, келгусидаги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.03.2022
- Кўришлар: 2904
- Чоп этиш