Бугунги кунда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш юзасидан изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили қабул қилинаётган давлат дастурларида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг гендер тенглик бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган устувор чора-тадбирлар белгиланиб, изчил амалга ошириб келинмоқда.
2022 йил 25 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлиб ўтган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди. Офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган ушбу тадбир Америка Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов гендер тенглик қонунчилигини такомиллаштириш борасидаги миллий амалиёт ва хорижий тажрибанинг илғор жиҳатлари ҳақида атрофлича тўхталди. Бу борада алоҳида ҳуқуқий тўплам ва қўлланмалар тайёрлаш ҳамда нашр этиш таклифларини илгари сурди.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ушбу йўналишдаги қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳамда халқаро тажриба ва амалиёт таҳлил қилинди. Гендер тенглик соҳасидаги камситишлар ва аёллар ҳуқуқларининг бузилиши масалалари, соҳани тартибга солувчи қонунчилик базаси ҳамда Ўзбекистонда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик ҳолати, уни такомиллаштириш билан боғлиқ муаммоларнинг ечимлари алоҳида муҳокама мавзусига айланди.
Шунингдек, «Оила ва хотин-кизлар» илмий-тадқиқот институти ва Юристлар малакасини ошириш маркази экспертлари томонидан давра суҳбати иштирокчиларига “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунча берилди. Аёллар учун муносиб иш ва турмуш шароитини яратиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш, мамлакат ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида аёллар ҳисобига раҳбар кадрлар сафини кенгайтириш, хотин-қизларни жамиятнинг фаол қатламига айлантиришга доир масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, тадбирда USAIDнинг “Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури” доирасида гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар тўғрисида маълумот берилди. Дастур мутахассислари томонидан иштирокчилар учун гендер таълимнинг долзарблиги, гендер ёндашув борасида самарали иш олиб бориш сабоқлари бўйича фикрлар билдирилди.
Маълумот учун: USAIDнинг “Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури” Ўзбекистонда қонун устуворлигини янада ривожлантириш, ҳуқуқшунос мутахассислар ва ўқув муассасаларининг салоҳиятини ошириш, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имконини кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти учун ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш, гендер тенгликни рағбатлантириш ва янада қулай инвестиция муҳитини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. USAID ушбу мақсадларга эришиш йўлида Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Бош прокуратура Академияси, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва фуқаролик жамиятининг асосий иштирокчилари билан ҳамкорлик қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.03.2022
- Кўришлар: 2873
- Чоп этиш