2022 йил 25 март куни Наманган шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономарказида Ўзбекистонда бўлажак меҳнат мигрантларининг касбий малакасини оширишга кўмаклашиш бўйича тажриба марказини ташкил этиш лойиҳасининг якуний тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Наманган вилояти ҳокимлиги, шунингдек, БМТ Миграция бўйича халқаро ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида меҳнат мигрантлари ва улар оила аъзоларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича юртимизда амалга оширилаётган салмоқли ишлар, мигрантларни касб-ҳунарга ўргатиш, миграция жараёнлари билан боғлиқ муаммо ва уларнинг истиқболли ечимлари ҳақида сўз борди.
Иштирокчилар томонидан, шунингдек, одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари ва ундан жабрланган шахсларга ёрдам кўрсатиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ишга кетадиган фуқароларга кетиш олдидан касбий тайёргарлик ва хорижий тилларни ўқитиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда иштирок этган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ёрдамчиси Ойбек Аҳмадовнинг фикрича, Наманган вилоятида татбиқ этилаётган янги лойиҳа бўлажак меҳнат мигрантларини тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Энг асосийси, ушбу тажриба мигрантлар орасида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат фаолиятини ташкил этишда амалий кўникмалар беришда жуда қўл келади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.03.2022
- Кўришлар: 2650
- Чоп этиш