Гендер тенглик қонунчилигини такомиллаштириш: миллий тажриба ва халқаро амалиёт

2022 йил 25 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Гибрид шаклда ўтказилган мазкур тадбир АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Миллий марказ директори А.Саидов, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси Г.Маруфова, бир қатор вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги вакиллари иштирок этди.

Тадбирда гендер тенглик қонунчилигини такомиллаштириш борасидаги миллий амалиёт ва хорижий тажрибанинг илғор жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада алоҳида ҳуқуқий тўплам ва қўлланмалар тайёрлаш ҳамда нашр этиш таклифлари илгари сурилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ушбу йўналишдаги қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳамда халқаро тажриба ва амалиёт таҳлил қилинди.

Гендер тенглик соҳасидаги камситишлар ва аёллар ҳуқуқларининг бузилишининг олдини олиш масалалари, соҳани тартибга солувчи қонунчилик базаси ҳамда Ўзбекистонда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик ҳолати, уни такомиллаштириш билан боғлиқ муаммоларнинг ечимлари алоҳида муҳокама мавзусига айланди.

Шунингдек, “Оила ва хотин-кизлар” илмий-тадқиқот институти ва Юристлар малакасини ошириш маркази экспертлари томонидан давра суҳбати иштирокчиларига  “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунча берилди.

Аёллар учун муносиб иш ва турмуш шароитини яратиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш, мамлакат ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида аёллар ҳисобига раҳбар кадрлар сафини кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, тадбирда USAIDнинг Ҳуқуқий  ислоҳотлар  дастури доирасида гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар тўғрисида маълумот берилди. Дастур мутахассислари томонидан иштирокчилар учун гендер таълимнинг долзарблиги, гендер ёндашув борасида самарали иш олиб бориш сабоқлари бўйича фикрлар билдирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech