Яқинда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида академик Акмал Саидов қаламига мансуб “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг навбатдаги тақдимоти ташкил қилинди. Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан “Октябрь” маданият саройи биносида ўтказилган тадбирда Нижневартовск давлат университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
Маълумки, 2020 йил 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғоялари, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан ушбу бетакрор мажмуани қуришдек эзгу ташаббус замирида халқимизнинг беаёв жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаб, камол топтириш мақсади ўз мужассамини топган.
“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси тимсолида тинчликсеварлик ва инсонпарварликнинг ўзбекона фалсафаси амалда ёрқин намоён бўлган. Халқона тинчликпарвар сиёсатга бундай янгича, бунёдкорона ёндашув, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир.
Шу маънода, 2021 йилда “Тасвир” нашриёти билан ҳамкорликда «KOLORPAK» МЧЖ босмахонасида юксак дид ва замонавий матбаа дизайни асосида ўзбек, инглиз ва рус тилларида катта ададда чоп этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” номли салмоқли китобда муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳикоя қилинган. Муаллифнинг фикр ва мушоҳадалари аниқ далил ва рақамлар, тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар, тегишли мавзудаги шеърлар ва тасвирий санъат асарларидан намуналар билан мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, тақдимот тадбирида россиялик талабаларга кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида атрофлича ахборот берилган.
Учрашув якунида Университет ректори ҳамда Нижневартовск шаҳри маъмуриятининг Қонунийлик ва хавфсизлик масалалари бўйича бошқарма бошлиғи Сергей Ефремов сўзга чиқиб, Тошкент марказида барпо этилган “Ғалаба боғи” мажмуасининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталган. Ўзбекистон Президенти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсат юқори баҳоланган.
Тақдимотдан сўнг Нижневартовск шаҳар мэри Дмитрий Кошенко билан бўлиб ўтган учрашувда унга “Ғалаба боғи фалсафаси” китобидан бир нусха ҳадя килинди.
Шаҳар мэри киндик қони томган ватани – Ўзбекистонда 2019 йилда бўлгани ва мамлакатдаги ижобий ўзгаришлардан ниҳоятда таъсирланганини эътироф этди. Д.Кошенко Тошкентга келгуси ташрифи даврида албатта “Ғалаба боғи” мажмуасини зиёрат қилишини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти
- Қўшилди: 04.04.2022
- Кўришлар: 2560
- Чоп этиш