Парламентда инсон ҳуқуқлари мавзусида сўз борди

2022 йил 8 апрель куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуклари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг бажарилиши юзасидан Олтинчи даврий ҳисоботи ва Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилиши юзасидан Учинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари бўйича Ҳукумат делегацияси аъзоларининг ҳисоботи эшитилди.

БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг 81-сессияси доирасида 2022 йил 15-16 февраль кунлари Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг Ўзбекистон томонидан бажарилиши юзасидан Олтинчи даврий ҳисобот ҳамда БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий хуқуклар бўйича қўмитасининг 71-сессияси доирасида 2022 йил 22-24 февраль кунлари Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бажарилиши юзасидан Учинчи даврий ҳисоботи тингланди ҳамда муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов, делегация раҳбари ва аъзолари мазкур ҳисоботларнинг якунлари бўйича йиғилиш иштирокчиларига маълумот тақдим этди.

Делегациямиз аъзолари даврий ҳисобот, БМТ қўмиталарининг олдиндан тақдим қилинган саволларига берилган ёзма жавоблар, БМТ қўмиталарининг якуний хулосалари, шунингдек, бошқа манбалардан олинган ахборотлар, жумладан БМТ муассасалари, халқаро ташкилотлар, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг муқобил ҳисоботларига асосланган жавоблар тақдим этилганини маълум қилди.

БМТнинг ҳар икки Қўмитаси аъзолари томонидан Ўзбекистон даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича сўнгги беш йил давомида инсон ҳуқукдари билан боғлиқ вазиятни баҳолашда ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани юқори баҳоланди. Хусусан, мулоқот давомида қўмиталар аъзолари инсон ҳуқуқлари тузилмаларининг мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-гуманитар соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор эканини кўрсатди.

Қўмиталар аъзоларининг аксарияти Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ижобий баҳо бердилар. Ўзбекистон томонига берилган саволларнинг аксариятига тўлиқ жавоблар тақдим этгани, даврий маъруза ҳар томонлама мазмунли ва пухта тайёрлангани учун самимий миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистоннинг иккала даврий ҳисоботлари бўйича ҳам БМТ тегишли қўмиталарининг якуний хулосалари ва тавсиялари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси расмий сайтида эълон қилинди.

Бугунги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон даврий ҳисоботлари бўйича БМТ қўмиталарининг якуний хулосалари ва тавсияларини амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда.

Парламент комиссияси мажлисида, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида 2021 йилда амалга оширилган ишлар бўйича ахборот такдим этди.

Бундан ташқари, М.Тиллабоев Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи – Ўн иккинчи даврий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг тавсияларини амалга ошириш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг

Матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech