Ирқий камситишни тугатиш масалалари: Миллий ҳаракатлар режаси – амалда

2022 йил биринчи чорагида БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020—2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасида белгиланган 8 та чора-тадбирдан 2 таси тўлиқ амалга оширилди. Қолган тадбирлар ижроси бўйича изчил иш олиб борилмоқда.

Ушбу Миллий ҳаракатлар режаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 15 октябрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган. Қўшма қарор Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи – Ўн иккинчи даврий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан қабул қилинган.

Миллий ҳаракатлар режаси 29 та тадбирдан иборат бўлиб, шундан 7 та тадбир ижроси доимий равишда назорат қилинмоқда. Миллий ҳаракатлар режаси бандлари бажарилиши учун 35 та вазирлик ва идора масъул ижрочи сифатида белгиланган.

БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020—2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасидаги тадбирлар йиллар кесимида қуйидагича тақсимланган:

  • 2020 йил: 9 та тадбир (1 та тадбир доимий назоратда);
  • 2021 йил: 15 та тадбир (3 та тадбир доимий назоратда);
  • 2022 йил: 8 та тадбир (3 та тадбир доимий назоратда).

Миллий ҳаракатлар режасининг бажарилиши юзасидан умумлаштирилган маълумот ҳар ойнинг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилмоқда.

Айни вақтда Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг 14-моддасига Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якка тартибдаги шикоятларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш ваколатини тан олишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масала ўрганилмоқда. Бу борада манфаатдор вазирлик ва идоралардан эксперт хулосалар олинди. Хулосалар умумлаштирилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Конвенциянинг 8-моддаси 6-бандига киритилган тузатишни ратификация қилишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳам белгиланган. Ушбу масала бўйича таҳлилий маълумотнома таёрланмоқда.

Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўн учинчи – Ўн тўртинчи даврий маърузаларини БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасига 2022 йил октабрь ойида топшириш режалаштирилган.

Миллий ҳаракатлар режасидаги 2 та тадбир Конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги даврий маърузалари лойиҳасини тайёрлаш масаласига қаратилган. БМТ Қўмитаси тавсияларидан келиб чиқиб, ушбу йўналишда вазирлик ва идоралардан маълумотлар олиш ва уларни умумлаштириш мақсадида саволнома таёрланмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг

Матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech