Республика Маънавият ва маърифат марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” ва маънавият: жамоатчилик нигоҳида” мавзуида илмий-маърифий анжуман ўтказилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ва бошқалар бугун Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланиш ва бунёдкорликлар, ҳар бир соҳада халқнинг розилигига эришиш мақсадида қатъият билан давом эттирилаётган ислоҳотлар, нафақат минтақамиз, балки бутун дунёда юксак эътироф этилмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, ҳар бир ватандошимизнинг азму қарори, ҳаётий мақсадларининг асосига айланмоқда.
Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – у шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.
Бугун айнан “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” шиори остида Ватанимиздаги янгиланиш ва ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятлари ишга солиниб, бу эзгу ҳаракат умумиллий аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, янги Ўзбекистонни жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айлантириш борасидаги бу ҳаракатда иқтисодий омил билан бирга маънавий омиллар ҳам муҳим ўрин тутади. Негаки, таъкидланганидек, “маънавият–инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлар мажмуасидир. Бошқача айтганда, маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам шунча кучли бўлади”.
Шу боис “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби, ундаги устувор мақсад ва вазифалар олимлар, адабиёт ва санъат вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Белгиланган вазифалар ижросини амалга ошириш бўйича муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Марказ қошида ташкил этилган таниқли олимлар, маънавият фидойилари, жамоатчилик вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи аъзолари қатнашган йиғилишда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидан ўрин олган “Янги Ўзбекистон стратегияси” “Халқпарвар давлат”, “Миллий иқтисодиётни ривожлантириш”, “Адолатли ижтимоий сиёсат”, “Хавфсизлик ва ташқи сиёсат”, “Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар” йўналишидаги муҳим вазифаларни кенг тарғиб қилиш, “Маънавий тараққиёт” йўналишида белгилаб берилган мақсад ва вазифалар, уларни амалга ошириш жараёнлари, бу йўлда ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ва “Халқчил давлат” миллий дастури, мамлакатимиздаги маънавий-маърифий ишлар тизими, ҳусусан, Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидан келиб чиқадиган асосий вазифалари, маънавий янгиланиш жараёнидаги имконият ва истиқболлар, “Янги Ўзбекистон–маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастурини тайёрлаш борасидаги ташкилий, илмий-маърифий ишлар, бу борадаги вазифалар кўриб чиқилди.
Тадбирда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастурини ишлаб чиқиш бўйича Республика ишчи гуруҳини тузиш ва унинг аниқ вазифаларни белгилаб олинди.
Н.УСМОНОВА, ЎзА
- Қўшилди: 14.04.2022
- Кўришлар: 4804
- Чоп этиш