2022 йил 14 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул вакиллари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ва ходимлари ҳамда журналистлар қатнашди.
Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс кириш сўзлари билан очиб беришди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг БМТ ва бошқа ташкилотларнинг юқори минбарларидан туриб умумбашарий миқёсда рўй бераётган муаммолар, хусусан коронавирус пандемиясига барҳам бериш, унинг инсонлар ҳаётига бўлган салбий оқибатларини бартараф этиш, иқтисодиётни тиклашга қаратилган самарали ечимларни мужассам этган таклиф ва ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегисида кўзланган мақсадлардан келиб чиққан ҳолда барча соҳалар қаторида тиббиётни ҳам янада тараққий эттириш, уни халқаро талабларга мос, замонавий даражага кўтариш учун жаҳон миқёсидаги нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликка асосланган ишларни изчил ва самарали олиб бориш вазифалари белгиланган. Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини изчил ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилаётганлиги ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш борасида кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилишида самарали халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 март куни соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусида янги форматдаги очиқ мулоқоти том маънода мамлакатимизда тиббиёт тизимини янада юксалтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди ва халқаро миқёсда ўзаро ҳамкорликда олиб бориладиган келгуси амалий ишларга кенг имкониятлар яратиб берди.
Ушбу жараёнда Ўзбекистон Республикаси БМТ таркибига кирувчи қатор ихтисослашган муассасалар билан самарали ҳамкорликни тобора чуқурлаштириб бормоқда. Чунончи, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) билан бир қатор йўналишларда яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган. Айниқса, коронавирус пандемиясига қарши кураш ва аҳолини оммавий эмлаш масалаларида ЖССТ томонидан мамлакатимизга керакли асбоб-ускуна ва ҳимоя воситалари етказиб берилмоқда.
Бундан ташқари, ЖССТ шифокорлар, ҳамширалар, бошқа тиббий ходимлар малакасини оширишга, лаборатория ходимларини ўқитишга, халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда даволаш протоколларини тузишда мамлакатимиз тиббиёт муассасаларига яқиндан кўмаклашиб келмоқда ҳамда коронавирус инфекцияси тўғрисидаги доимий равишда янгиланиб бораётган халқаро ахборотни эркин олиш имкониятини таъминлаб бермоқда.
Ўзбекистонда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ваколатхонаси самарали фаолият юритиб келмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимига яхлит ёндашув асосида барқарор соғлиқни сақлаш сиёсатини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш мазкур ваколатхонанинг асосий вазифаси ҳисобланади. Шунингдек, умумий етакчиликни таъминлаш, маҳаллий даражада техник алоқаларни ўрнатиш, стандартларни белгилаш ва шартномалар тузиш, инқироз даврида соғлиқни сақлаш тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш каби вазифаларни ҳам қамраб олади.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини яратишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг улкан ёрдамини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Айнан халқаро экспертларнинг кўмаги туфайли соғлиқни сақлашни молиялаштиришни яхшилаш, давлат тиббий суғурта ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, саломатлик учун зарарли бўлган одатларга қарши кураш каби қатор вазифалар бўйича самарали чоралар кўрилмоқда.
Қизғин муҳокамаларга бой ўтган давра суҳбатида келгусида Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўртасидаги изчил ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, истиқболда давлат тиббий суғуртани, соҳада инновацион технологияларни кенг жорий этиш, хусусий тиббиёт муассасалари билан давлат тиббиёт муассасалари узвий хамкорликни ташкил этиш, тиббиёт туризмини ривожлантириш борасида илғор хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш каби йўналишларда самарали ҳамкорлик ўрнатиш мумкин.
Тадбир сўнгида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан тиббиётнинг ҳуқуқий асосларини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш борасида ўзаро амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тегишли таклифлариқабул қилинди ва келгуси режалар аниқлаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти
- Қўшилди: 15.04.2022
- Кўришлар: 4900
- Чоп этиш