Бугунги ниҳоллар – эртанги мусаффо ҳаво ва саломатлигимиз гарови

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг 2022 йил 16 апрель куни Қарши шаҳрида “Қадр, хотира ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида ўтказган маънавий-маърифий тадбирлар туркуми 1,5 гектарлик янги боғнинг илк кўчатини экишдан бошланди.

Ушбу эзгу ишда Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, академик Қаландар Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдиғани Умиров ҳам иштирок этди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 2 ноябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгилаб берилган. Шу асосда Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 30 декабрда қабул қилинган “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилмоқда.

Лойиҳага кўра, дарахтзорларни кўпайтириш, дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, кўчатхоналар сонини ошириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Шу билан бирга ҳудудларда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо этиш ҳамда дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар изчиллик билан бажарилмоқда. 

Қарши шаҳрининг Одина  масжиди атрофида жойлашган  “Дарвоза Тутак” маҳалласи ҳудудида “Яшил маконни биргаликда қурамиз!” шиори остида ўтказилган кўкаламзорлаштириш тадбири Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг Қашқадарё вилоят бошқармалари ва вилоят ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.

Акцияда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ва кўплаб кўнгилли ёшлар қатнашди. Тадбир давомида 1 минг 500 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech