Ёшлар маънавиятини юксалтириш – китобхонлик даражасига боғлиқ

“Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси  бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси  аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”.

Ушбу фикрларни Президентимиз маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича 2021 йил 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирди. Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда сўзлаган нутқнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кейинчалик “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида янада яққол ўз аксини топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг 2022 йил 16 апрель куни Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида талаба ва ўқувчи ёшлар етакчилари билан бўлиб ўтган учрашувида шу ҳақда сўз борди.

Тадбирда Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, академик Қаландар Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдиғани Умиров иштирок этди.

Қашқадарёлик навқирон фаолларга Ёшлар маркази кутубхонасини мазмунан ва ҳажман янада бойтиш юзасидан амалий таклифлар берилди. Таниқли олим ва адиб Поён Равшановнинг ижодий асарлари бурчаги ташкил қилингани ибратли ташаббус сифатида эътироф этилди.

Вилоятнинг бошқа машҳур олимлари, адиблари ва журналистларининг ҳам худди шундай ижодий бурчакларини ташкил этиш ҳисобига кутубхона фондини мунтазам тўлдириб бориш тавсия этилди. Бу ерда академик Қаландар Абдураҳмоновнинг ижодий асарлари бурчагига асос солинди.

  Ёшлар маркази кутубхонасига академиклар А.Саидов ва Қ.Абдураҳмоновнинг янги китоблари тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech