Уч авлод учрашувида Тараққиёт стратегиясининг моҳияти ҳақида сўз борди

2022 йил 16 апрель куни Шаҳрисабз шаҳрида "Уч авлод учрашуви" маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори Қаландар Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдиғани Умиров, "Олтин мерос" халқаро хайрия жамғармаси раиси Амирқул Карим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Ғулом Абдиев ҳамда қашқадарёлик ёзувчи-шоирлар ва олимлар иштирок этди.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” тушунчасини замонавий дунё сиёсати луғатига киритгани беқиёс аҳамиятга эга бўлгани алоҳида таъкидланди. Янги Ўзбекистон – бу ибора Юртбошимиз илгари сурган ва бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу ғоядир.

Иштирокчиларнинг якдил фикрича, “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида: бир томондан, бугунги ва эртанги авлодларимизнинг “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қўйишдек эзгу мақсад-муддаолари; иккинчи томондан,  миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларига асос солган улуғ аждодларимиз, аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари; учинчи томондан,  бунёдкорлик, яратувчанлик, ҳар доим ўқиш ва изланишга даъват ўз мужассамини топган.

Буларнинг барчаси юртимизда инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғлашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлардир. Жорий йил бошидан амалга оширишга киришилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мақсадларини рўёбга чиқариш учун 2022 йилга – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб ном берилгани ҳам бежиз эмас.

Учрашув якунида қизиқарли савол-жавоблар бўлиб ўтди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech