2022 йил 21 апрель куни Россиянинг Владивосток шаҳрида жойлашган Антон Чехов номидаги марказий кутубхонада Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан чоп этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг тақдимоти ўтказилди. Тадбир мамлакатимизнинг ушбу шаҳардаги Бош консулхонаси томонидан ташкил этилди.
Тақдимотда Владивосток шаҳри маъмурияти, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Владивосток шаҳридаги ваколатхонаси, Владивосток шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар намояндалари, кутубхона раҳбарияти, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари, ўзбек диаспораси ва Приморск ўлкаси ёшлар ҳаракати вакиллари ҳамда Владивосток шаҳридаги ўрта таълим муассасаларининг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Бош консул Р.Исмоилов тадбирни очар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғининг миллий, минтақавий ва халқаро аҳамиятига тўхталди. Ғалаба боғининг барпо этилиши ҳамда унга бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Aкмал Саидов ёзган “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ҳамда фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонати тўғрисида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, тадбирда Владивосток шаҳар ҳокими ўринбосари Д.Стегний сўзга чиқиб, Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушига қўшган улкан ҳиссасини, жумладан, жанг майдонида иштирок этган 301 нафар ўзбек ҳарбийсининг генерал унвонига сазовор бўлганини юксак баҳолади. У Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғини Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларнинг навбатдаги яққол амалий самараси сифатида эътироф этди.
Шу билан бирга, Владивосток фахрийлар кенгаши раиси И.Панасюк ёшлик даври Ўзбекистонда ўтгани тўғрисида сўзлади. Унинг фикрича, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари ва Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ҳамда фахрийларга кўрсатилаётган юксак эътибор алоҳида диққатга моликдир.
Тадбир доирасида тошкентлик темирчи уста Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг рафиқасига бағишланган «Сен етим эмассан» бадиий фильми намойиш этилди. Фильм Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонга Россия, Украина ва Белоруссиядан эвакуация қилинган ёш болалар, етимлар, хусусан, ленинградлик кўплб инсонларга бошпана берган ўзбек оилалари ҳаёти мисолида тасвирга олинган.
Тақдимот ниҳоясида Антон Чехов номидаги марказий кутубхона, Владивосток фахрийлар кенгаши жамғармаси, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ва бошқа иштирокчиларга “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг рус тилидаги нашри туҳфа этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.04.2022
- Кўришлар: 2959
- Чоп этиш