Жорий йил ноябрь ойида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудига 105 йил тўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ХХ асрда яшаб ўтган буюк давлат ва жамоат арбобининг ҳаёт йўли ва фаолияти чуқур ўрганилмоқда.
2022 йил 26 апрель куни Шароф Рашидовнинг Жиззах шаҳридаги ҳайкали пойига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Qонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори академик Қаландар Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев ва Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов томонидан гулчамбарлар қўйилди.
Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 27 мартда қабул қилинган "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги
қарорига мувофиқ, Жиззах шаҳрида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси барпо этилди ва ҳайкали ўрнатилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу ҳайкалнинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, Шароф Рашидов оддий халқ орасидан чиққан, ноёб ақл-заковати, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги билан катта обрў-эътибор қозонган. Энг муҳими, халқимизга садоқат билан ҳалол хизмат қилган.
Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшаган. Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак инсонпарвар ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирган.
Тадбир якунида Шароф Рашидов ёдгорлик мажмуасида академиклар А.Саидов ва Қ.Абдураҳмонов билан Жиззах вилояти жамоатчилиги вакиллари ўртасида самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти
- Қўшилди: 27.04.2022
- Кўришлар: 3044
- Чоп этиш