Минтақавий маслаҳатлашув мавзуси: Барқарор ривожланиш мақсадлари ва инсон ҳуқуқлари

Жорий йил 25-26-апрель кунлари Марказий Осиё мамлакатларининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш учун БМТ тизимининг халқаро ва минтақавий инсон ҳуқуқлари механизмлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш” глобал қўшма лойиҳаси доирасида минтақавий маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Ушбу давра суҳбати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастурининг (БМТТД) мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов   тадбир иштирокчиларини қутлар экан, мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, кейинги беш йилда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади. Бинобарин, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар, уларга оид индикаторлар тасдиқланган.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган. Тегишли “Йўл харитаси” тасдиқланган. Шу асосда ўтган даврда деярли барча муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларни кейинги 5-10 йилда ривожлантириш истиқболларини белгиловчи стратегия ва концепциялар қабул қилиниб, изчиллик билан амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтишди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ва босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатнинг нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топган.

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг кўпчилиги 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишига хизмат қилади.

Минтақавий маслаҳатлашувдан кўзланган мақсад инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий механизмлар тавсияларини бажариш юзасидан қилинаётган ишларни 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш тадбирлари билан қўшиб олиб бориш бўйича тажриба алмашишдир. Қолаверса, минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги ғоя, тажриба ва таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech