Халқаро жамоатчилик муҳокамаси: Ўзбекистон БМТ қўмиталари тавсияларини қандай бажармоқда?

2022 йил 13 май куни Тошкент, Женева ва Брюссель шаҳарларида онлайн ва офлайн тарзда Халқаро жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси якуний тавсияларининг Ўзбекистон томонидан амалга оширилиши ҳолати муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон хуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси вакили Ришард Коменда, Халқаро юристлар комиссияси Комиссари, Хотин-қизларни камситишга барҳам бериш /CEDAW қўмитаси Раисининг ўринбосари Нала Ҳайдар, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов халқаро форум иштирокчиларини қутлади.

А.Саидов таъкидлаганидек,  жорий йил 15-16 февраль кунлари БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитаси 81-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенция бажарилиши юзасидан Олтинчи даврий маърузаси ҳамда 22-24 февраль кунлари БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси 71-сессиясида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт талабларининг бажарилиши бўйича Учинчи миллий маърузаси эшитилди.

БМТ қўмиталари аъзолари томонидан Ўзбекистон даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича сўнгги беш йил давомида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни баҳолашда ижобий ўсиш кузатилаётгани юқори баҳоланди.

Мулоқот давомида ҳар икки Қўмита аъзолари ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар вакиллари мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-гуманитар соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги эътироф этилди. Қўмиталар аъзоларининг аксарияти Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳоладилар.

Ўзбекистон томонининг берилган саволларга тўлиқ жавоб қайтаргани алоҳида қайд этилди. Тақдим этилган маърузалар ҳар томонлама мазмунли ва пухта тайёрлангани таъкидланди.

БМТ Қўмиталарига Миллий маърузалар тақдимоти олдидан ҳамда уларнинг эшитилиши якунлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокамалар ташкил этилганига ҳам эътибор қаратиш лозим. Хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига риоя этиш бўйича парламент комиссияси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг йиғилишлари бўлиб ўтди.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимиз парламенти инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳисоботларини муҳокама қилиш амалиётини биринчи маротаба жорий этди.

БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси 81-сессиясида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг Олтинчи даврий маърузаси  муҳокамаси якунлари бўйича 49 та якуний тавсия тақдим этилди.

Ўз навбатида, БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси томонидан Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт талабларининг бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг Учинчи миллий маърузаси муҳокамаси якунлари бўйича  жами 32 та тавсия берилди. 

Учинчи даврий ҳисобот бўйича якуний тавсиялар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш, камситишни бартараф этиш, ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглик, ижтимоий ҳимоя, иш билан таъминлаш, ирқий камситишни бартараф этиш, меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, маданий ҳуқуқларни кафолатлаш каби масалаларга қаратилган.

Бугунги кунда БМТ қўмиталари Ўзбекистоннинг Учинчи ва Олтинчи даврий ҳисоботлари бўйича тақдим этган якуний тавсияларни амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳалари тайёрланмоқда. Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил иш олиб бормоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: